11:48 | 07.09.24
«Азиз Воитов суди жамоатчилик учун очиқ тарзда ўтказилиши керак» — антикоррупция агентлиги собиқ вазирга оид суд ишида журналистлар фаолияти чеклаб қўйилганига муносабат билдирди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолатга муносабат билдириб, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар очиқ суд мажлисида кўрилиши кераклигини маълум қилди.
«Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон фармонига мувофиқ, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши лозимлиги белгиланган.
Шунга асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур суд мажлиси юқоридаги Фармон талаблари асосида жамоатчилик учун очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканлигини маълум қилади», дейилади хабарда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда шу кунларда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга оид жиноят иши судда кўриб чиқилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Собиқ вазир Жиноят кодексининг 167-моддасининг (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а», «в» банди, 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди, 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» банди, 209-модда (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Суднинг 6 сентябрь куни давом этган навбатдаги мажлисида ОАВ вакилларининг фаолияти чеклаб қўйилди. Уларга суд мажлисида фото, видео ва аудиоматериал олиш тақиқланган. ОАВ вакиллари шундан сўнг суд залини тарк этган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: