11:59 | 09.08.23

                       

Бахтиёр Фазилов Халқаро хоккей федерацияси вице-президенти билан учрашди

Ўзбекистонда 2024 йилда U-18 бўйича навбатдаги Осиё ва Океания чемпионати ўтказилиши мумкин.

Тошкентда 7 август Халқаро муз устида хоккей федерацияси (IIHF) вице-президенти Айваз Оморканов ва Ўзбекистон хоккей федерацияси Президенти Бахтиёр Фазилов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон хоккей федерацияси

Музокаралар Ўзбекистонда бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) ва Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) билан биргаликда ташкил қилинган хоккей оромгоҳи доирасида бўлиб ўтган. Унда 30 дан ортиқ Осиё мамлакатларидан ташриф буюрган 100 дан кўп ёш хоккейчилар иштирок этмоқда.

Учрашув давомида Айваз Оморканов ушбу тадбирни ташкил этиш даражасини юқори баҳолади ва Ўзбекистон хоккей федерацияси томонидан қисқа муддат давомида амалга оширилган улкан ишларни, Humo Arena’да ривожланган хоккей инфратузилмаси мавжудлигини таъкидлаб ўтди, – дейилади хабарда.

Айваз Оморканов Бахтиёр Фазиловни Ўзбекистон ёшлар хоккей жамоасининг тарихий муваффақияти билан табриклади ва унга хоккейнинг ривожланишига қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди. Маълумот учун, Ўзбекистон жамоаси март ойида бўлиб ўтган Осиё ва Океания чемпионатида илк бор иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритганди. Учрашувда Бахтиёр Фазилов бундай ғалабалар мамлакатда хоккейни оммалаштиришга олиб келаётгани, биринчи навбатда болалар ўртасида спортга қизиқишни уйғотаётганини қайд қилган.

Фото: Ўзбекистон хоккей федерацияси

Шунингдек, Халқаро хоккей федерацияси томонидан 18 ёшгача (U-18) бўлган спортчилар ўртасида навбатдаги Осиё ва Океания чемпионатини 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказишни таклифини билдирилди. Таклифни Ўзбекистон хоккей федерацияси раҳбари қўллаб, турнирни Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакат ва бутун Марказий Осиёда хоккейни ривожлантиришга туртки беришини, спортчилар ва мухлислар учун ҳақиқий байрам бўлишини қайд этган.

Аввалроқ, Humo остоналикларга йирик ҳисобда мағлуб бўлгани, Ўзбекистон хоккей терма жамоаси Осиё ва Океания чемпионига айлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: