19:11 | 08.05.23

                       

«Барчаси олдиндан эълон қилинди. Партияларда президентликка номзод кўрсатишга вақт етарлича» — Сайфиддин Жўраев

Фаоллар Президент сайлови эълон қилиниши ҳақида

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Конституция амал қилишни бошлади. Бош конун қабул қилингунга қадар қонунчиликда фақат бир ҳолатда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилиши мумкин эди. Бу амалдаги Президент ўз вазифасини бажара олмайдиган ҳолатга тушиб қолганда (масалан, оғир касаллик, вафот этса), унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Сенат Раисининг зиммасига юклатиларди, бунда уч ой муддат ичида Президент сайлови ўтказилади.

Янги таҳрирдаги Конституция билан эса амалдаги Президентнинг ўзи ҳам муддатидан илгари Президент сайловларини ўтказишни ташаббус қилиши мумкин бўлди. Ушбу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда жорий йилнинг 8 май куни Президент Ш.Мирзиёев мамлакатда муддатидан илгари Президент сайловлари ўтказилишини эълон қилди.

Ушбу сиёсий жараён ўзбекистонликлар учун янгилик бўлсада, кўплаб давлатларда кузатиладиган ҳолат. Масалан, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатлар Конституцияларида Президентнинг ўзи томонидан муддатидан илгари Президент сайловларини ўтказишни эълон қилиши белгиланган. Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси ҳам жаҳон тажрибасида бўлгани каби бунга йўл қўяди.

Яна уч йилдан кўпроқ муддат ичида Президентлик ваколатини давом эттиришнинг конституциявий легитим имконияти бўла туриб, Шавкат Мирзиёев ундан воз кечган ҳолда муддатидан илгари Президент сайловларини ўтказишни эълон қилди. Ушбу қарор орқали Президент ўзида демократик жараёнларга содиқлик, очиқ ҳамда адолатли сайловлар ўтказилишига қатъий ирода мавжудлигини намоён этмоқда.

Амалдаги Давлат раҳбари 2016 йил охирида ҳокимиятга келганидан буён давлатни бошқаришда анчагина тажриба тўплади. Ш.Мирзиёевнинг ҳокимиятда бўлиши даврида мамлакат ичида ва бутун дунёда бир қатор сиёсий воқеалар юз берди. Мамлакат ичида кутилмаган қийинчилик ва хавфлар ҳам пайдо бўлди. Асосийси, уларни Давлат раҳбари халқ билан бирга бартараф эта олди.

Ўтган сайловлар ва референдум натижалари шуни кўрсатадики, халқнинг сиёсий маданияти ошган. Бугунги кунда сайловларда овоз беришда маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар аҳолини турли гуруҳларга бўлинишига олиб келмаяпти. Шунинг учун бўлажак сайловларда ҳар бир сайловчи тўғри танлов қила олишига умид қилиш мумкин.

Бу жараён сиёсий партиялар учун ҳам бир имконият. Барчаси олдиндан эълон қилинди. Партияларда президентликка номзод кўрсатишга вақт етарлича. Аслини олганда, ҳар бир сиёсий партия сайловларга эртага бўлса ҳам тайёр бўлиши керак.

Хуллас, муддатидан илгари президентлик сайлови янги сайланган давлат раҳбарига ўз дастурида илгари сурган, халқ ишончини қозонган ислоҳотларни амалга ошириш имконини беради. Халққа энг аввало юртнинг барқарор ривожланиши ва тинчлиги керак. Ушбу танлов натижасида халқ ўз келажаги, ҳаёти сифати ва хавфсизлиги учун овоз беради.

 Сайфиддин Жўраев, сиёсатшунослик

фанлари доктори, профессор

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: