18:34 | 13.08.24
⚡️Бекободда уч марта ҳимоя ордери олиб, зўравонликлар ортидан вафот этган аёлнинг эрига суд ҳукми ўқилди.
Бекобод туманида яшовчи 28 ёшли аёл 27 март куни соат 21:30 ларда 5-қаватидан ўзини ташлаб, ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Олий суд матбуот хизмати ушбу жиноят иши юзасидан маълумот берди. Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судининг 2024 йил 13 августдаги ҳукмига мувофиқ Д. Х. (1989 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Жабрланувчи Н. Х. (марҳума)нинг қонуний вакили Р. С. судланувчи Д. Х.дан моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан тегишли хужжатларни тўплаб, фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан томонлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судига апелляция (кассация) инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш мумкинлиги маълум қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аёлнинг оилавий шароити яхши бўлмаган.
«Яқинлари аёлнинг турмуши нотинч бўлганини, эри ваҳшийларча калтаклаб келганини айтди. 9 йиллик турмушнинг бор-йўғи 3 йилини эриникида яшаган. Лекин шу орада 3 марта ҳимоя ордери берилган бўлсаям зўравонга бирор чора кўрилмаган.
Марҳуманинг холаси ҳаммасига куёвни айбдор эканлигини айтиб, майитни ювишдан олдинги ҳолатини кўрсатди: даҳшат. Бутун баданда кўкармаган жой қолмаган.
6 ва 2 ёшли қизчаларини боқиш учун турли ёлланма ишларда ишлаб рўзғор тебратиб келаётган аёлни бир неча кун аввал эри яна бирга яшаш учун олиб кетган экан. Онасининг огоҳлантиришларига у ‘хавотир олманг, ҳимоя ордерим борку’ деб жавоб берган экан», — дейилади хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: