12:41 | 21.06.24

                       

Бекободда ИИБ биносига олиб кетилган эркак вафот этди

Бекободда ИИБ биносига олиб кетилган эркак вафот этди. У укаси қамалганидан норозилик билдирганидан сўнг идорага олиб кетилган.

Тошкент вилояти ИИББ Бекобод шаҳрида ички ишлар идорасига олиб кетилган фуқаролардан бири вафот этгани юзасидан тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Бекобод шаҳар Жиноят ишлари бўйича судига Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «э, к, л» бандлари билан айбланувчи 33 ёшли фуқаро Х.Й.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилган.

19 июнь куни Бекобод шаҳар суди томонидан мазкур жиноят ишини кўриш жараёнида, айбланувчи Х.Й.нинг акалари 43 ёшли Д.Й. ва 46 ёшли Д.Й. укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангандан норози бўлиб, суд залида жанжал кўтаришгани оқибатида жамоат тартиби бузилиши юзага келган.

Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган.

Чақирувга асосан етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспекторлари томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган. ИИБ биносига кириш йўлагида, фуқаро Д.Й. соғлиги ёмонлашиб ҳушини йўқотган.

Ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борганлар. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Д.Й. вафот этгани аниқланган.

Ҳозирда фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суруштирув ишлари олиб борилмоқда. СТЕ хулосасига кўра қўшимча ахборот берилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: