Беларусда дронларни олиб кириш, сақлаш, ишлатиш ва ишлаб чиқариш тақиқланди
Жисмоний шахслар қўлидаги учувчисиз қурилмалар ташкилотлар ёки якка тартибдаги тадбиркорларга топширилади.
Беларусда жисмоний шахслар учун дронларни олиб кириш, сақлаш, ишлатиш ва ишлаб чиқариш тақиқланди. Бу бўйича мамлакат президенти Александр Лукашенконинг фармони қабул қилинди.

Маълум қилинишича, эндиликда Беларусда фуқаролик дронларини олиб кириш, сақлаш, муомалага чиқариш, улардан фойдаланиш ва ишлаб чиқаришга фақат ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорларга фармонда белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда тадбиркорлик ва касбий фаолиятни амалга ошириш учун рухсат берилади.
Лукашенконинг матбуот хизмати мазкур қарор «жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва фуқаролик учувчисиз учиш аппаратлари ва самолёт моделларини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек улардан фойдаланишни тартибга солишга» қаратилганини маълум қилган.
Бунда дронларни олиб кириш учун ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар Беларус Транспорт ва коммуникациялар вазирлигининг Авиация бошқармасидан рухсат олиши керак бўлади.
Бошқарма ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорларга қарашли дронларни ҳисобга олишни ташкил этади. Фармонда юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли бўлган фуқаролик учувчисиз қурилмаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш кўзда тутилган.
Жисмоний шахслар томонидан дронларни олиб кириш, улардан фойдаланиш ва ишлаб чиқаришни тақиқлаш расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради. Сақлашни тақиқлаш эълон қилинганидан олти ой ўтгач амал қилади.
Жисмоний шахслар олти ой муддатда мавжуд дронларини ташкилотларга ёки якка тартибдаги тадбиркорларга сотиши, уларни давлат томонидан белгиланадиган ваколатли ташкилотга сақлаш учун топшириши мумкин экани белгиланган.