11:49 | 06.08.24

                       

Бир нечта «кўча гуруҳ»лари қамалди

Бир нечта «кўча гуруҳ»ларига суд ҳукми ўқилди.

Тошкентда яна бир нечта «кўча гуруҳ»ларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди Bugun.uzга хабар берди.

Маълум қилинишича, судланганлар асосан товламачилик, босқинчилик, зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир қилишган.

Суд ҳуқмига кўра, Саидаҳмадхон Маҳмудхўжаев Жиноят кодексининг 165 моддаси (Кўп миқдорда товламачилик), 229 моддаси (Ўзбошимчалик) ва 276 моддаси (Кўп миқдорда гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш) билан айбли деб топилиб, 11 йилга қамалди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИБ.

Қолган судланувчиларга қуйидагича жазо тайинланган:

  • Умаров Аваз Раҳимович Жиноят кодексининг 241 моддаси (Тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаслик) билан 3 йилга қамалди;
  • Умаров Ойбек Аваз ўғли Жиноят кодексининг 241 моддаси билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилди;
  • Абдуллаев Аҳрор Равшан ўғли Жиноят кодексининг 273 моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан 6 йилга қамалди;
  • Умаров Дилмурод Рустамович ва Салимбеков Азамат Авазжонович Жиноят кодексининг 241 моддаси билан 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди;
  • Аҳмедов Шохрух Қаюмжон ўғли ҳамда Турсунов Сарвар Сойибжон ўғли   Жиноят кодексининг 138 моддаси (Жисмоний азоб берган ҳолда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан  16 йилга қамалди. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтаттириш белгиланган.
  • Эркинов Фозил Искандар ўғли Жиноят кодексининг 165 моддаси (Товламачилик) билан 5 йилга қамалди.

Жиноят иши доирасида 2 киши айбсиз деб топилиб, реабилитация этилган.

Олдинроқ «Саидазиз медгородок» номи билан танилган Саидазиз Саидалиев 20 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: