15:49 | 18.08.24
Ўзбекистонда битирувчилар магистратурани ўқиш учун хорижга жўнатилади.
Магистратура ва клиник ординатурада ўқиш учун 200 нафар битирувчи хорижга юборилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу имконият ҳақида СВВнинг «Тиббиёт мутахассисларини Давлат буджети маблағлари ҳисобидан хорижда ўқитиш, малака ошириш (стажировка ўташ) ва қайта тайёрлаш, шунингдек, хорижий мутахассисларни республикага жалб қилишни ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги буйруғида айтилади. Мазкур ҳужжат давлат раҳбарининг тегишли Фармони ҳамда қарорига асосан жорий йил 9 август куни қабул қилинди.
Унга кўра, мувофиқ ҳудудларда тор соҳадаги мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт олий таълим муассасаларининг 200 нафар битирувчисини магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда марказларида ўқитиш, соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат тиббиёт муассасалари ходимларини хорижда малака ошириш (стажировка) ва қайта тайёрлаш ишлари ташкил этилади.
Шунингдек, уларнинг ўқитилиши, малака ошириши ва тажриба алмашишини республикада амалга ошириш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар йили 5-центябрга қадар тиббиёт олий таълим муассасаларининг битирувчиларини клиник ординатура дастурлари асосида ўқитиш мақсадида етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва марказларининг рўйхатини шакллантиради.
Бундан ташқари, хорижий илғор тиббиёт марказларига клиник ординатура дастурларига ўқишга қабул қилинган битирувчиларнинг ўқиш харажатларини қоплаб бериш учун зарурат асосида «Эл-юрт умиди» жамғармасига талабнома киритади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази томонидан 2025 йилдан бошлаб «Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш бўйича аттестациядан ўтказиш ва уларга сертификат бериш» ахборот тизими таркибида хорижга магистратура, клиник ординатура, малака ошириш (стажировка ўташ), қайта тайёрлашга ўқишга бориш мақсадидаги номзодлар ҳужжатларини онлайн топшириш имконини берувчи бўлим яратилади ва амалиётга жорий этилади.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази Ишчи орган сифатида барча жараёнларни мувофиқлаштиради.
Мутахассисларни ўқитиш, хорижий мутахассисларни республикага жалб қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
«Битирувчиларни магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда марказларида ўқитиш тартиби, давлат тиббиёт муассасалари ходимларини хорижда малака ошириш (стажировка ўташ) ва қайта тайёрлашни ташкил этиш тартиби, ўқитиш, малака ошириш ва тажриба алмашишни республикада ташкил этиш бўйича хорижий мутахассисларни жалб этиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилади», — дейилади хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: