10:10 | 01.12.23

                       

Ўзбекистонда битта дарахт кесган 100 та дарахт экиш билан жазоланади

Экология вазирлиги томонидан дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим моддаларига дарахтлар ва буталарни қонунга зид тарзда кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича қўшимчалар киритилмоқда.

Кодекснинг ўзгартириш киритилаётган 79-моддасига кўра, дарахт, бута ҳамда бошқа ўсимлик ва ниҳолларни қонунга хилоф тарзда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ва бошқа жойга кўчириб ўтказиш БҲМнинг 25-50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50-75 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашё ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёси мусодара қилиниб, фуқароларга БҲМнинг 50-75 бараваригача, мансабдор шахсларга 75-100 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.

Шунингдек, 79-моддага 4-қисм ҳам қўшилиб, унга кўра, шу турдаги ишларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққан мансабдорлар БҲМнинг 50-75 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

49-моддага иккита қисм қўшилиб, биринчи қисмида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесган ёки йўқ қилган ҳуқуқбузарлар ҳар бир дарахт ва бута ўрнига ўша жойда қимматбаҳолиги жиҳатидан кам бўлмаган 100 туп дарахт ва бута кўчатини экиши белгиланмоқда. Экология вазирлигига кўра, ҳуқуқбузар дарахтларни ўз ҳисобидан экиб, уч йил давомида парвариш қилади.

Модданинг иккинчи қисми бўйича бута ва дарахтлар давлат ўрмон фондига кирмаган бўлса, БҲМнинг 100-300 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

Ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилган.

Аввалроқ, Тошкент вилоятида бир туп қайрағоч дарахтини кесган фуқаро табиатга 62 миллион сўмдан ортиқ зарар келтирганди. Хоразмда дарахт кесган мансабдорга нисбатан эса икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: