10:24 | 27.06.23

                       

«Бизнесни ‘текшир-текшир’ қилганларга нисбатан қатъий жазо йўқ». Блогерлар бизнесни ортиқча текширувлардан халос қилишни олға суришмоқда

Республика кесимида олганда энг кўп текширув Тошкент шаҳрида ўтказилган. Текширувчи ташкилотлар орасида солиқ органлари яққол етакчилик қилмоқда

Тадқиқотларга кўра, 2022 йил давомида 32 та назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 167 037 та текширувлар ўтказилган. 2021 йили бу рақам 86 500 ни ташкил қилганди. Республика кесимида олганда энг кўп текширув Тошкент шаҳрида ўтказилган. Текширувчи ташкилотлар орасида солиқ органлари яққол етакчилик қилмоқда.

Bugun.uz

Иқтисодчи блогер Отабек Бакировнинг ёзишича, янги деб номланувчи даврнинг илк кунлариданоқ бизнес эгаларининг ишига халақит қилиш, айниқса, турли «текшир-текширлар»ни мутлақо йўқотиш лозимлиги таъкидлаб келинмоқда. Бироқ, вақт ўтяпти ҳамки, бу ҳолатлар кўпайса кўпаймоқда, камаймаяпти. Кимдир нотўғри бизнес қилаётган бўлса уни рақобат шундоқ ҳам синдиради ва тўғри ишлаётган бизнес ютиб кетаверади. Уларга энг камида халақит бермаслик — катта ёрдам.

«Бизнесни ‘текшир-текшир’ қилганларга нисбатан қатъий жазо ҳам йўқ. Шунчаки, ишдан бўшатилади, ҳайфсан берилади ёки оладиган ‘премия’сидан мосуво қилинади. Шу йўсин давом этаверса, эндигина эркин нафас олишни бошлаган тадбиркорлик соҳаси ҳам бўғилади ва бу нафақат оддий аҳоли, бориб-бориб бутун мамлакатнинг иқтисодий ҳолатига ҳам салбий таъсир қилади», – дея ёзмоқда Бакиров.

Мавсу ҳақида тўхталаркан, ҳуқуқшунос, блогер Зафарбек Солижонов шундай деди:

«Иқтисодчи Бакиро бизнес текшируви кўпайиб бораётгани ҳақида ёзибди. Давлат хизматчилари орасида шундайлар борки, улар ўзларига берилган ваколатни ё нотўғри тушунади, ёки кучи кўпайиб кетадими, тегмаган одамга бориб тегинади. Тадбиркорлик — сўнгги йилларда Ўзбекистонда энг тез ривожланган соҳа. Эркинлик берилди, тегинилмади, мана ҳозиргача соғлом рақобат асосида соҳа ривожланяпти. Айрим қўли қичиб қолганларнинг қиладиган иши қолмаган шекилли, ‘текшир-текшир’ларни кўпайтиришибди. Барака топгурлар, тегинманглар шу тадбиркорларга. Нима халақит беряпти? Блогерларнинг гапини эшитмасанглар, шахсан давлат раҳбарининг бу борадаги позицияси ва гапларини билиб олинг. Инсоф билан-да энди».

Шунингдек, Нурбек Алимов мавзу хусусида шахсий қарашларини билдираркан, президентликка кўрсатилган номзодлардан бирининг блогерларни солиққа тортиш бўйича ташаббусига қарши эканлигини яширмади. У тадбиркорларнинг фаолиятига аралашиш, соғлом рақобатли бизнесга тўсқинлик қилиш яхши оқибатларга олиб келмаслигини таъкидлаб ўтди.

«Яқинда сайловолди тадбирлар доирасида бир партиядан президентликка кўрсатилган номзод блогерларни ҳам солиққа тортиш бўйича ташаббус билан чиққанди. Хотя блогерлар и так солиқ тўлайди ўзини ўзи банд қилган категориясида. Ўйлаб ўйингга етолмайсан-да, нимага бизда яхши ривожланган соҳага тегинишади? Қўйиб беришмайди, ривожланиб, бошқа нарсалар бўлиб кетишдан қўрқишади. Аслида, хавотирга ҳам ҳожат бўлмайди, лекин илмий ёндошмай, қилаверади. Бизнесда ҳам шундай. Тадбиркорсиз, телевизор орқали, ижтимоий тармоқлар орқали президент ‘тадбиркорга тегинма’ деяпти, хурсанд бўляпсиз. Лекин орадан вақт ўтиб ё солиқчи, ё бошқа орган келиб, сизни текширяпти. Майда гаплик қилмоқчи.

Сўнгги вақтларда бу нарса кўпайган экан. Бу ҳолат давом этаверса бориб-бориб яхши ишлаб турган тадбиркорнинг ҳафсаласи пир бўлади, охири қўл силтайди. Шу керакми бизга? Монополия керакми? ‘Дух’лари етса бориб монополияни текширишсин, соғлом рақобатли бизнесдан қўлларини тортишсин», – деди Алимов.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 июнда Фарғонада бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида одамлар назорат қилувчи органларнинг текширувларидан чарчаганини таъкидлаб, прокуратура, милиция, солиқ ва яна бошқа ташкилотларни кескин танқид қилганди. Шундан кейин вазият тубдан ўзгариб, тадбиркорлар фаолиятини текширишлар кескин камайган ва бизнес яна оёққа тура бошлаганди.

Блогерлар бу мавзуни кўтараётгани бежиз эмас. 2022 йилги кўрсаткичга разм солинса, рақамлар кишини хурсанд қилмайди. Демак, мавзу долзарб ва оғриқли.

Мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида тараққиётнинг энг муҳим йўналишларидан бири бу – тадбиркорликни ривожлантириш. Шундай экан, инсонларда тадбиркорликка ишонч ва иштиёқ сўнмаслиги, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлаш ҳамиша энг долзарб жиҳатлар қаторида бўлиши ва буни ҳеч ким унутмаслиги керак.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: