Блогер Эмине-Лемара Мирзааҳмедова ҳибсга олинди. Унга тегишли фирма бюджет маблағларини талон-торож қилган
Тошкент вилояти ИИББ мазкур ҳолат унинг блогерлик фаолиятига алоқадор эмаслигини маълум қилди
Ижтимоий тармоқ фаоли Эмине-Лемара Мирзааҳмедова Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбланиб, 2023 йилнинг 1 март куни ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди. Тошкент вилояти ИИББ ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, 1976 йилда туғилган фуқаро Л.Мирзааҳмедовага тегишли «ТEХ КРEДО» МЧЖга Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган, хотира майдончасини замонавий шаҳарсозлик талаблари даражасида таъмирлаш учун шартнома асосида маҳаллий бюджет ҳисобидан 329 миллион 300 минг сўм ажратиб берилган.
Кейинчалик мазкур шартнома ижроси юзасидан ўтказилган аудиторлик текширувида эса пудратчи МЧЖ раҳбари 47 ёшли Л.М. (ижтимоий тармоқларда Эмина Караманова тахаллуси билан танилган) ва бошқалар томонидан аслида бажарилмаган 227 миллион 135 минг сўмлик ишларни қўшиб ёзиш орқали расман бажарилган ишлар ҳисобига киритиб, кўп миқдорда бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.
Шунингдек, бошқа бир ҳолатда ҳам ушбу МЧЖ мансабдорлари томонидан халқ таълими бўлими тасарруфидаги 7-сонли мактабнинг қўшимча хўжалик биносини қуриб бериш учун шартнома асосида 157 миллион сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлиб, иш ҳажмини қўшиб ёзиш орқали ҳақиқатда бажарилмаган ишлар учун яна 13 миллион 441 минг сўм талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш ва қалбакилаштириш, сотиш ёки фойдаланиш) 2 ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
«Ҳозирда пудратчи ‘ТEХ КРEДО’ МЖЧ раҳбари Л.Мирзааҳмедова ҳимоячи билан таъминланган холда жиноят ишига жалб этилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шуни алоҳида қайт этиш жоизки, мазкур жараёнлар фуқаро Л.М.нинг ОАВдаги блогерлик фаолиятига алоқадор эмас», дейилади идора ахборотида.
Аввалроқ, 2022 йил охирида Абдуқодир Мўминов номаълум шахслар томонидан унга ҳужум уюштирилгани, машинасининг олд ойнаси бита билан синдирилгани ҳақида хабар берганди. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ блогерга қилинган ҳужум юзасидан «босқинчилик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
Мавзуга доир: Тошкентдаги ички кийимлар дўконини танқид қилган блогер диний контенти учун жаримага тортилди
Эслатиб ўтами, январь охирларида Human.uz сайтининг директори Хуршид Далиев, бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва таҳририятнинг бошқа ходимлари офисидан олиб кетилгани ҳақида таҳририят расмий Telegram канали хабар эълон қилганди. Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Рақамли технологиялар вазирлигига тегишли сўров юборганини маълум қилган.
Bugun.uz’нинг бир-биридан мустақил уч манбасига таяниб, Хуршид Далиев ва Муслим Мирзажонов «бир гуруҳ шахслар томонидан ўта йирик миқдорда товламачилик содир этганлик» билан боғлиқ жиноят иши доирасида гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар берганди.