Блогер Олимжон Ҳайдаровга оид жиноят ишини очиқ судда кўриб чиқиш бошланди
У Жиноят кодексининг учта моддаси билан айбланмоқда.
Бугун, 31 октябр куни блогер Олимжон Ҳайдаровга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Блогер жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми “а”, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, жиноят иши очиқ суд жараёнида куриб чиқиляпти.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси А. Эргашев раислигида кўриб чиқилмоқда.
Суд мажлиси очиқ деб эълон қилингач, дастлаб судланувчининг ҳимоячиси томонидан суд жараёни мобайнида аудио ва видеоёзувни амалга ошириш ҳақидаги илтимосномаси юзасидан тарафлар фикри тингланган.
Жиноят иши доирасидаги жабрланувчиларнинг шахсига доир маълумотлар оммага ошкор этилишини хоҳламаслиги боис илтимосномани рад қилиш ҳақидаги фикрлари инобатга олиниб, суд судланувчининг ҳимоячиси келтирган илтимосномани рад қилиш ҳақида ажрим чиқарган.
Азиз Абидовнинг маълумотига кўра, мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида кўрилаётганлиги боис жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари кузатувчи сифатида судда иштирок этиши мумкин.
Шунингдек, у суд жараёнлари давом этаётганини ва қўшимча маълумотлар суд жараёни якуни бўйича эълон қилинишини билдирган.