21:01 | 23.11.23

                       

БМТ Бош котиби ўринбосари Орол денгизига борди — видео

Денгизнинг қуриган тубида чўлланишга қарши кураш борасида қилинаётган ишлар билан танишиш учун унга Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлик қилган.

Экология вазирлигининг маълум қилишича, БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-йиғилиши доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари, UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау Қорақалпоғистонга борган. Экология вазири Азиз Абдуҳакимов унга ҳамроҳлик қилган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Тиау Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида Орол денгизининг қуриб қолган тубида ўрмон экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишган.


Шунингдек, бу ердаги ўрмонзор, Орол денгизи қирғоғи, очиқ осмон остидаги музейда бўлган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Кейинги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида глобал экологик муаммонинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳукумат олдида турган асосий муаммолар аҳоли учун ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув етишмаслиги, шунингдек, Орол денгизи қуриб қолган тубининг очиқ майдонларида тез-тез такрорланиб турадиган қум ва чанг бўронларидир»,- деган Абдуҳакимов.

Ташриф давомида Мўйноқда дарахт кўчатлари экилган. Денгизнинг қуриган тубида икки миллион гектарга яқин майдонда аллақачон шўр ва қурғоқчиликка чидамли саксовул ҳамда бошқа турли экинлар экилгани, асосий мақсад ҳудуд экологиясини яхшилаш эканлиги таъкидланган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, 2018–2022 йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,6 миллион гектар майдонда чўл ўсимликлари уруғини экиш ва кўчатлар ўтқазиш йўли билан «яшил қоплама» яратилди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, 6,4 минг тонна ҳимоя ўрмон кўчатлари ўтқазилди. Ўрмон плантацияларини сифатли кўчатлар билан таъминлаш мақсадида ўрмон хўжалиги томонидан ҳар йили 100 гектар майдонда саксовул питомниклари ташкил қилинмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: