9:11 | 02.09.24
Бойсундаги кондан носозлик сабаб олтингугурт гази чиқиб кетди. Одамлар зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди.
1 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги конда олтингугурт гази чиқиши кузатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабари берди.
Соат 15:17 да туманнинг «Кўлқамиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сонли қудуғида бурғилаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу вақтда технологик жараённинг бузилиши сабабли олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.
«Фуқароларнинг жароҳат олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. Вазият тўлиқ назорат остида. Ваҳимага ўрин йўқ», — деб қўшимча қилди вазирлик.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар беришича, ҳудудга вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов, алоқадор мутасадди ташкилот ва идоралар ҳамда бошқармалар масъуллари етиб борган.
Фавқулодда ҳолат содир бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўрганиш, келиб чиққан ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: