13:51 | 18.09.24

                       

Бойсундаги кондан яна заҳарли газ сизиб чиқди

Бойсундаги кондан яна заҳарли газ сизиб чиқди. Вафот этганлар ва жабрланганлар бор.

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конида 17 сентябрь куни тушдан кейин яна водород сульфид сизиб чиқиши юз берди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ҳудуддаги манбалар хабар берди. Ижтимоий тармоқларда воқеа жойидан олинган видеолар пайдо бўлди.

Ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этди.Бу ҳақдаги маълумотни 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев тасдиқлади.

«Ҳақиқатан, кеча сиз айтган ўша нохуш ҳолат бўйича, 2 нафар ўлгани бўйича, воқеа жойига вилоят прокурорининг ўзи чиққан. Ҳозирда терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди у

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда вазият натижасида вафот этганлардан ташқари жароҳатланган фуқаролар ҳам мавжуд.

«Ўлим ҳолати бўлган. Икки нафар шахс ўлгани тўғрисидаги ҳолат бор. Яна тан жароҳати олинган ҳолатлар ҳам бор. Ҳозир терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Натижаси бўйича сизларга маълумот берилади», — деди Бош прокуратура ходими.

Бугун соат 18:00 да Бойсун тумани ҳокимлиги биносида мазкур вазият бўйича фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ҳамда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида брифинг бўлиб ўтади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: