15:48 | 25.06.24
Ўзбекистонда болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) қўшимча бандлар билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Яъни ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш белгиланмоқда.
Шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилишга, яъни болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотлар ёхуд махсус диний маълумоти бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълим бераётган шахслар ихтиёрига диний таълим олиши учун топширишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.