21:00 | 22.08.22 2148

«Бомба хабарлар» оқшоми. Президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви — асосий маълумотлар

@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести. Кунлик материалимизнинг бугунги сони Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувига бағишланади. Йиғилишда нималар бўлгани — битта жойда.

Бугун эътибор марказидаги мавзу — Президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви. Айтилган «бомба» хабарларга тўхталамиз.

Учрашувдан бир кун олдин, яъни кеча, 21 август куни журналист, блогер Ҳикматилла Убайдуллаев ўз Twitter саҳифасида йиғилишда «бомба» хабарлар бўлишини ёзганди. Қуйида асосий хабарларни қолдирамиз, қайсилари айнан ўша категорияга оид эканини ўзингиз ҳал қилиб оласиз.

Фото: Twitter

Шавкат Мирзиёев — адвокат. Текин адвокат. Тадбиркорларга. Президентнинг ўзи учрашув бошида замонамиз бизнесменларига шундай деди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, барибир тадбиркорларнинг айтгани бўлади. Уларга тўсқинлик қилган раҳбарлар ўз ишида қолмайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

2023 йил 1 январдан ҚҚС 12 фоизга туширилади. Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб микробизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

Oлис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади. Ёки бошқача йўли ҳам бор: ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлаган. Бунинг учун, 2023 йил 1 январдан:

  • кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;
  • мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;
  • соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;
  • давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).

Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади. Шунингдек, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда, йўл қўйган хатоси учун тадбиркорга 6 ой давомида жазо қўлланилмайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Cавдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади. Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Бунинг ўрнига камчиликларни бартараф этишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади.

Президентнинг таъкидлашича, мамлакатда савдо соҳасида фаолият кўрсатадиган тадбиркорларни қарийб 30 йилдан бери қийнаб келадиган муаммо ҳам ечилади, яъни савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади (Жиноят кодексининг 189-моддаси).

Энди тадбиркорга ер ажратиб берган ҳоким ишдан кетса, янгиси келиб унинг қарорини бекор қилолмайди. Бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳокимларнинг эътиборини бир масалага қаратмоқчиман – мулк ҳуқуқига оид қарорларни улар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмайди», — дейди Шавкат Мирзиёев. Яъни ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин бўлади.

Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор» унвонини таъсис этишни таклиф қилди. Ушбу унвон кўп иш ўринлари яратган, бизнеснинг янги йўналишларини йўлга қўйган, ўз соҳасида инновация ва ислоҳотлар қилган ва эл-юрт орасида обрў топган бизнес вакилларига берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бизда қурувчи, маданият, таълим каби соҳа вакиллари учун фахрий унвонлар мавжуд. Лекин Янги Ўзбекистон пойдеворини яратишга энг катта ҳисса қўшиб келаётган заҳматкаш тадбиркорларнинг эътибордан четда қолгани адолатдан эмас», — деди Президент очиқ мулоқотда.

Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади. Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолияти ҳам тубдан ўзгаришини айтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, бундан буён туман, шаҳар тадбиркорларини бирлаштириб, уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни аниқлаш билан амалда шуғулланади; маҳаллий Кенгаш ва ҳокимлар билан ҳар ой камида икки марта танқидий муҳокамаларни ўтказади.

Савдо-саноат палатасининг ўзига ҳам ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масала киритиш; тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш ваколатлари берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Барча таклифларни амалга ошириш учун Президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилади. Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовга икки ҳафта муддатда ушбу кенгаш ишини ташкил қилиш топширилди.

Президент корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашув белгиланишини айтди.

Бунда, корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади. Булар:

  • 1 миллиард сўмгача бўлгани – микро бизнес;
  • 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес;
  • 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради.

Тадбиркорларнинг 2 триллион сўмлик солиқ қарздорлигидан воз кечилади.

Шу йилнинг 1 июлидан бошлаб бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинган эди. Лекин аввал ошириб ҳисобланган солиқлар нима бўлади, деган савол 19 минг тадбиркорни безовта қилмоқда ва бу бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Шуларни инобатга олиб, тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечсак, нима дейсизлар?», — дея тадбиркорларга мурожаат қилди давлат раҳбари.

«Менга у қураётган бинонинг тепасидан Тошкент вилояти, Жиззах ҳам кўринади дейишяпти» — Президент Мурод Назаров қураётган бинолар ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Мурод Назаров компанияси қураётган бинодан Жиззах ҳам кўринаётгани ҳақида гапирган.

«1 йил давомида тадбиркорлар томонидан 55 мингдан ортиқ бизнес учун бинолар қурилди. Яъни, тадбиркорлар келажакка ишониб, кўчмас мулкка инвестицияларни кўпайтирмоқда. Мана, атрофимизда ҳам кўринглар, қандай-қандай баланд бинолар қад ростлади. ‘Murad Buildings’ раҳбари ўтирибди. Менга у қураётган бинонинг тепасидан Тошкент вилояти, Жиззах ҳам кўринади дейишяпти», — деган Президент.

Мурод Назаров эса бунга жавобан Tashkent city ҳудудида қурилаётган бинонинг юқори қаватидан Қозоғистон чегарасигача кўринаётгани, бино баҳор фаслига қуриб битказилишини маълум қилди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.


Тошкент вилоятидаги ҳибсхонада 22 ёшли йигит ўз жонига қасд қилди

Тошкент вилоятидаги ҳибсхонада 22 ёшли йигит ўз жонига қасд қилди

21:29 | 02.12.23 622
FIFA терма жамоалар рейтингини эълон қилди

FIFA терма жамоалар рейтингини эълон қилди

20:19 | 02.12.23 764
Тошкентда автобус йўлакларидаги қоидабузарликларни камераларга қайд этиш бошланди — видео

Тошкентда автобус йўлакларидаги қоидабузарликларни камераларга қайд этиш бошланди — видео

18:59 | 02.12.23 468
Газланган ичимликларга акциз солиғи – шакарга қарши курашми ёки «қора бозор» импорти учун «яшил чироқ»ми? – Алфия Раҳимовна

Газланган ичимликларга акциз солиғи – шакарга қарши курашми ёки «қора бозор» импорти учун «яшил чироқ»ми? – Алфия Раҳимовна

17:30 | 02.12.23 378
Ўзбекистонда энг арзон ва қиммат палов қаерда сотилиши маълум бўлди

Ўзбекистонда энг арзон ва қиммат палов қаерда сотилиши маълум бўлди

16:49 | 02.12.23 1054
Совет Иттифоқи қатағон қилган Абдулла Қодирий ва 200 га яқин киши оқланди

Совет Иттифоқи қатағон қилган Абдулла Қодирий ва 200 га яқин киши оқланди

12:30 | 02.12.23 879