9:28 | 24.02.23

                       

Борис Жонсон НАТО бош котиблигига номзод эканини маълум қилди

Британия собиқ бош вазири Украина НАТОга қўшилиши кераклигини қўшимча қилган

Буюк Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон ўзини НАТО бош котиблиги лавозимига номзод деб атади. Бу ҳақда у «Европейская правда» хабар берди.

Фото: EPA

«НАТОни бошқариш? Ажойиб ғоя. Биласизми, бу жуда омадли. Қадрли дўстлар, шуни эълон қилмоқчиманки, бундай ғоя бор ва ҳеч ким шундай номзодни унутиб қўймасин. Ўйлайманки, бу сафар омадим келади… Албатта, мен ўзимни номзод сифатида кўрмоқдаман. Бу яхши ва масъулиятли лавозим», — дейди Жонсон.

У Украина НАТОга қўшилиши кераклигини қўшимча қилган. «Украинанинг аъзолиги — бу истиқбол эканини аниқ кўриб турибмиз. Бу амалга ошиши керак, чунки бу очиқ-ойдин аён. Путин Украинанинг НАТОга қўшилишига қарши барча далилларни йўққа чиқарди. Энди улар йўқ», — дейди Жонсон.

Борис Жонсон 2019 йилдан 2022 йилга қадар Буюк Британия бош вазири лавозимида ишлаган. Унинг даврида мамлакат расман Европа Иттифоқидан чиққан. Жонсон 2022 йил ёзида Вазирлар Маҳкамаси ичидаги можаро фонида истеъфога чиққанди. Шундан кейин The Telegraph нашри у ўз номзодини НАТО бош котиблигига қўйиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Жонсон Россия билан урушда Украинани фаол қўллаб-қувватлайди. Маълумотларга кўра, у кенг кўламли босқинчилик ҳаракатлари бошланганидан Украина президенти Владимир Зеленскийга биринчилардан бўлиб қўнғироқ қилган. Уруш бошлангач, Киевга уч маротаба ташриф буюрди.

Ҳозирда НАТОга Норвегия собиқ бош вазири Йенс Столтенберг раҳбарлик қилмоқда. У мазкур лавозимда 2014 йилдан бери ишлаб келади ва 2023 йил сентябрда унинг ваколатлари тугайди. Ўз янги муддат учун номзодини қўйиш ниятида эмас.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь бошида Борис Жонсоннинг ўрнини эгаллаган Трасс Британия бош вазири лавозимида атиги олти ҳафта ишлади. Лиз Трасс Консерватив партиянинг янги раҳбари сайланмагунча ўз лавозимида қолишини маълум қилган. Жонсондан ташқари собиқ молия вазири Риши Сунак ва Британия Жамаолар палатаси раҳбари Пенни Мордонт ҳам бош вазир лавозими учун курашиши айтилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: