Бош прокуратура Хоразмда 17 ёшли қиз 11 киши томонидан зўрлангани бўйича баёнот берди
Ҳолатга алоқадор шахслар батафсил сўроқ қилинмоқда
Хоразмнинг Янгиариқ туманида 2006 йилда туғилган қиз бир неча эркак томонидан зўрланганлиги ҳақида хабар берилганди.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ушбу ҳолат билан боғлиқ жиноят иши юзасидан аввалдан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов давомида 8 нафар шахс гумонланувчи, 3 нафар шахс айбланувчи тариқасида ишга жалб қилинган. 3 нафар айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, жиноят иши доирасида бир қатор мураккаб экспертизалар ўтказиш жараёни кетмоқда ва ҳолатга алоқадор шахслар батафсил сўроқ қилинмоқда.
«Барча зарур тергов ҳаракатлари ўтказилганидан сўнг иш бўйича қонуний тўхтамга келинади. Тергов жараёни Бош прокуратура томонидан назоратга олинган», дейилади баёнотда.