11:47 | 14.09.24

                       

Бош прокурорга янги ўринбосар тайинланди

Исроил Адҳамов Бош прокурорнинг янги ўринбосари бўлди.

Ўзбекистон Республикаси бош прокурорига янги ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига асосан адлия катта маслаҳатчиси Исроил Миржамолович Адҳамов бош прокурор ўринбосари сифатида иш бошлади.

Тайинловга қадар Исроил Адҳамов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

И.Адҳамов прокуратура органларида турли масъул лавозимларда фаолият юритган.

Маълумот учун, шу йилнинг 11 сентябр куни президент раислигида ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари бундан буён ҳукуматдан тортиб туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағаллик шароитидан олиб чиқиш бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтганди.

Бош прокурорнинг соҳага оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат учун масъул алоҳида ўринбосари ҳар ҳафта камида битта туманга бориб, камбағал оилаларни реестрга киритиш ва чиқаришнинг ҳаққонийлигини ўрганиши, камбағал оилаларга берилаётган маблағлар эгасига манзилли етиб боришини назорат қилиши белгиланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: