20:39 | 26.06.24

                       

Бухорода аёлига оғир тан жароҳат еткизган эркакга суд ҳукми ўқилди

Бухорода аёлига оғир тан жароҳат еткизган эркакга суд ҳукми ўқилди. Аёлга бош мия чайқалиши ва юқори жағи пешона ўсиғини ёпиқ синиши ташхиси қўйилган.

Бухорода аёлини 3 яшар қизи олдида дўппослаган эркак зиммасига айрим чеклашлар юклатилди. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.

Маълум бўлишича, 2024 йил 4 март куни соат 21:00 ларда судланувчи уйига маст ҳолда келган. Бундан кайфияти бузилган аёли Н.Н. у билан жанжаллашган. Судланувчи эса жаҳлини тийиб туролмай унга тарсаки туширган ва Н.Н. ерга йиқилгандан кейин унинг дуч келган жойига уриб, оилавий зўравонлик жиноятини содир қилган.

Маълумотларга кўра, судланувчи аёлга «бош мия чайқалиши билан кечган юқори жағи пешона ўсиғини ёпиқ синиши, бурун суягини ёпиқ синиб, силжиши, бурун пастки лаб, чапдаги 2-тиш проэкцияси шиллиқ қаватида лат яра ва қон қуйилиши, чап кўз юқори ва пастки қовоқлари, чап кўз ташқи бурчак соҳасига қараб давом этган, ўнг кўз пастки қовоқ соҳасида қонталаш» каби оғир тан жароҳатлари еткизган.

Ҳодиса жойига судланувчининг отаси тез ёрдам чақирган. Судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди. У қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароити оғирлигини инобатга олиб, унга қонуний енгиллик беришни сўраган.

Судда жабрланувчи Н.Н. эрига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, у билан ўзаро ихтиёрий ярашганлигини айтиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгил жазо тайинлашни сўраб кўрсатув берди.

Суд хулосасига кўра, айбланувчи Жиноят Кодексининг 126-моддаси билан айбли деб топилиб, унга яшаш уйини соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 гача тарк этишни тақиқлашдан иборат бўлган 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, унинг зиммасига қуйидаги чеклашлар юклатилган:

  • алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик;
  • ҳар ойда бир марта туман ИИБ Пробация гуруҳидан рўйхатдан ўтиб туриш;
  • туман ИИБ Пробация гуруҳининг розилигисиз яшаш ва уй жойини ўзгартирмаслик;
  • вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмаслик.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: