Бухорода эр аёлини қасддан пичоқлаб ўлдирди
Ҳодиса оқибатида гумонланувчининг онаси ҳам жароҳат олган
Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида 28 май куни эркак ўз хотинини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прократура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Bugun.uz’га маълум қилди.
Аниқланишича, соат 17:30 ларда 1992 йилда туғилган фуқаро Ш.Х 1991 йилда туғилган турмуш ўртоғи Г.Х билан рашк сабаб ўзаро тортишиб қолади. Жанжал пайтида эр ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғига бир неча марта зарба бериб, қасддан ўлдиради.
Жанжалга аралашган ва гумонланувчининг онаси эканлиги иддао қилинган фуқаро О.Х ҳам ўнг билагидан жароҳат олиб касалхонага ётқизилади.
Ҳолат юзасидан 28 май куни Косон шаҳар прократураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми( қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Эркак Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.