16:49 | 04.11.23

                       

Бухородаги институт талабалари супурги ясашга олиб чиқилгани айтилди — видео

Олий таълим вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, «айрим талабалар ёшларга хос қизиқиш туфайли ўзлари супурги ясашга урингани»ни маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтининг бир гуруҳ талабалари мажбурий меҳнатга жалб қилиниб, супурги ясашга олиб чиқилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фото: Назокат Абдуқундузова


Олий таълим, фан ва инновациялар вазири матбуот котиби Назокат Абдуқундузовага кўра, ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида институтга бориб, муассаса раҳбарияти ва талабаларнинг фикрлари ўрганилган. Унга кўра, институт илмий жамоаси томонидан ҳозирда ерларнинг шўрланишига қарши маҳаллий галофит (чўлда ўсувчи) ўсимликлар бўйича тажрибалар ўтказилаётгани, супурги тайёрлашда ишлатилувчи сорго ўсимлиги ҳам шу мақсадда институтнинг бўш, қаровсиз ерига экилгани маълум бўлган. Айни пайтда пишиб етилган ўсимликларни ўриб олиб, институтнинг хўжалик ишларида фойдаланиш учун техник ходимлари ва ёлланма ишчилар томонидан ундан супургилар тайёрланаётгани айтилган.

Фото: Назокат Абдуқундузова

«Ер майдони талабалар турар жойининг яқинида бўлгани боис, ушбу жараёнга қизиққан бир неча талаба ходимларнинг ишини бевосита келиб кузатган ва айримлари ёшларга хос қизиқиш туфайли ўзлари ҳам супурги ясаб кўришга уринган. Айнан шу жараён видеога олиниб, ‘талабалар мажбурий меҳнатга жалб этиляпти’ деган ёзув билан ижтимоий тармоқларда тарқатилиб, нотўғри талқин қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ахборот хизмати талабаларни ҳар қандай мажбурий меҳнатга жалб этилишига қатъиян қарши эканини ва тарқалган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: