Чехия Ўзбекистонга Европа бозорига кириши учун ёрдам беради
Бош вазир Абдулла Арипов чехиялик ҳамкасби Петр Фиала билан учрашди.
Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан 10-11 октябр кунлари Чехияда бўлиб турибди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг Матбуот хизмати хабар берди.

Кеча, 10 октябр куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Aрипов ва Чехия бош вазири Петр Фиала бошчилигида икки ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ ва сармоявий ҳамкорликларни ривожлантириш борасидаги вазифалар кўриб чиқилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Чехиянинг 50 га яқин корхонаси фаолият юритaди. 2023 йил январ-август ойларида ўзаро савдо ҳажми қарийб 2,5 баробарга ўсди. Бунга Ўзбекистон Европа Иттифоқи Преференциялари бош тизимига («GSP») қўшилгани ҳам ёрдам берди.
Шунингдек, бу кўрсаткич мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги, ўзаро савдодаги дисбалансини тўғрилаш бўйича фаол ишлаш зарурлиги қайд этилди.
Шу ўринда, Ўзбекистон ишлаб чиқарган саноат маҳсулотларининг Европа бозорларига чиқишида ягона «CE» (Certification Europa) белгиси билан сертификатлашни синов ўтказиш соҳасида ҳамкорликни таклиф этди.
Учрашувда, шунингдек, инвестиция, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, транспорт, бандлик, таълим, тиббиёт ва туризм каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 24-25 апрел кунлари Чехия бош вазири Петр Фиала бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрганди.