12:06 | 15.06.23

                       

Чет элга жўнатишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди

Фирибгарлар АҚШ, Канада ва Полша давлатларига жўнатишни ваъда қилган

Сўнгги вақтларда фуқароларни чет элга ишлаш учун жўнатишни ваъда бериб, фирибгарлик қилаётган шахсларнинг жиноятлари мутассадди ташкилотлар томонидан тезкор равишда аниқланланяпти. Куни кеча Республика бўйлаб ўтказилган тезкор тадбирларда бир қанча вилоятларда ҳудди шундай жиноятларнинг олди олинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Тадбирда Оқдарё туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс танишлари орқали Тойлоқ туманида истиқомат қилувчи икки фуқарони «Ўзбекистон – Испания – Мексика – АҚШ» йўналишида Қўшма Штатларга юборишни ваъда қилган. У бунинг эвазига 44 минг АҚШ доллари талаб қилган ва олдиндан 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи, 1990 йилда туғилган фуқарони Канада давлатига ишга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 7,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари мансабдор танишлари орқали 3 нафар фуқарони Польша давлатига ишлаш учун юбориш эвазига 5100 АҚШ доллари олган вақтида ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бойсун туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс Музработ туманида истиқомат қилувчи, 1983 йилда туғилган фуқарони тегишли виза ҳужжатларини расмийлаштириб, Канада давлатига ишга юбориш эвазига 138 миллион сўм олган вақтида ушланди. Аниқланишича, мазкур шахс муқаддам фирибгарлик жинояти содир этганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: