12:12 | 20.06.24
Ўзбекистонда чиқиндиларни ташиш ва олиб чиқиб кетишда электро мотороллердан фойдаланиш йўлга қўйилади. Ушбу транспорт чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» чиқиндиларига саралаб ташишга мўлжалланган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов санитар тозалаш хизматида техникалардан самарали фойдаланишга доир чора-тадбирларни илгари сурди. Бу ҳақда Экология вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, эндиликда ҳозирги пайтда чиқиндиларни ташиш ва олиб чиқиб кетишда хизмат кўрсатаётган махсус техника ўрнига ҳам экология учун зарарсиз ҳам камхаржлиги жиҳатдан қулай бўлган иш юритувчи мотороллердан фойдаланишни жорий этиш назарда тутилган.
«Махсус мотороллер кунига 80 км масофа босиб ўтишга мўлжалланган бўлиб, маҳаллага кунига 1-2 марта кириш имконига эга. У чиқиндиларни саралаган ҳолда олиб чиқиб, қайта юклаш станциясига ташиши билан ҳам ҳозирги чиқинди ташувчи йирик транспортлардан афзал саналади. Бунинг натижасида тайёр сараланган чиқиндиларни қайта саралашга ҳожат қолмайди, техника кучи ва харажатлари тежалиши баробарида полигонларда ташкил этиладиган эко-кластер ҳудудининг ўзида чиқиндиларни қайта ишлашга эришилади», дейилади хабарда.
Маълумот учун, юк ташувчи мотороллернинг харид нархи 32 миллион сўмни ташкил этиб, 869 миллион сўм бўлган ҳозирги чиқинди ташувчи йирик транспортлардан 27 баробар арзон тушади. Транспортни сақлаш, таъмирлаш ва ишчи кучи каби бир йиллик харажатлари жиҳатидан 14 баробар ҳамда ёқилғи сарфи жиҳатдан эса 5 баробарга тежамкор ҳисобланади.
Шу билан бирга, мотороллерлар электрга мўлжаллангани ва қўшимча 27 та ишчи ўрни яратилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Мазкур электро мотороллерлар чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» чиқиндиларига саралаб ташишга мўлжалланган. Ҳозирги чиқинди ташувчи транспортларда эса умумий чиқиндиларни ташишда саралаб ташлаш имконияти йўқ ва бу ўз ўрнида қайта ишлаш имкониятига ҳам таъсир кўрсатар эди.
«Жараёнда чиқинди ташиш платформасининг алоҳида турларга бўлиш имконияти мавжуд бўлган мотороллерлардан тажриба тариқасида аввалига 3 турдаги 50 тадан жами 150 тасини 425 минг долларга харид қилиб келтирилади. Уларни Республиканинг 14 ҳудудидаги шаҳар ва туманлар марказидаги жами 1860 та МФЙда тажриба сифатида синовдан ўтказиш режалаштирилган. Бунда ҳар бир маҳаллага биттадан мотороллер ажратиш орқали, нафақат аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, балки чиқиндиларни иқтисодиётнинг ажралмас бўлагига айлантириш мақсад қилинган», дейилади Экология вазирлиги хабарида.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: