17:33 | 28.06.24

                       

«Чорсу» бозоридаги ёнғиндан зарар кўрган майдонлар таъмирлаб берилади

«Чорсу» бозоридаги ёнғиндан зарар кўрган майдонлар таъмирлаб берилади. Шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорлар билан учрашди.

Тошкентдаги «Чорсу» бозори ҳудудидаги дўконлар 28 июнга ўтар кечаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ёнғиндан зарар кўрган майдонларни тиклаш бўйича ишчи гуруҳ тузилганини эълон қилди.

Маълум қилинишича, ёнғин бозорнинг Беруний ва Сақичмон кўчалари кесишмаси яқинида жойлашган дўконлари ва омборларида юз берган. Бир неча соат ичида ёнғин бартараф этилган. Айни вақтда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар давом этмоқда. Мутахассислар ёнғин сабабларини аниқламоқда, шунингдек, етказилган зарар миқдорини баҳоламоқда.

Шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорлар билан учрашди. Ишчи гуруҳ зарар кўрган майдонларни таъмирлаш, тиклаш ва ишга тушириш масалаларини самарали ва тезкор ҳал этиш мақсадида тузилди. Тез орада барча бинолар таъмирланиб, уларда янада яхши иш шароитлари яратилади. Ишлар якунига қадар эса ҳозирда тадбиркорлар фаолиятини давом эттиришлари учун бошқа бинолар ажратилган.

Хабарда айтилишича, ёнғин бозорнинг умумий фаолиятига таъсир қилмай, у одатий тарзда ишини давом эттирмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: