Дам олиш кунлари Кавказдан салқин ва нам ҳаво массаси кириб келади
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши айтилди
Ўзгидромет томонидан якшанба куни Ўзбекистонга Кавказ ҳудудидан нисбатан салқин ва нам ҳавонинг яна бир қисми кириб келиши айтилди.
Хабарда айтилишича, Республика бўйича булутлилик кучаяди, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкинлиги билдирилди.
Ҳарорат яна 2-4 даражага, ёз фасли учун қулай бўлган +31°..+34° гача, жанубда баъзи жойларда +38°..+40° пасаяди. Салқин ҳаво кечаси ва эрталаб сезилади, кечаси ҳарорат 15°-18° гача пасаяди.
24-25 июн кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача, айрим жойларда 20-23 м/с гача кучайиши, чанг-тўзон кузатилиши кутилмоқда.
24-25 июн кунлари тоғ олди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши таъкидланди.
Тошкентда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, шанба куни кечга томон ва якшанба куни шамол тезлиги 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 23-24 июнда +34°..+36°, 25 июнда +31°..+33° бўлади, — дейилади Ўзгидромет хабарида.