9:51 | 20.09.24

                       

Дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш учун жарималар оширилади

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвонини таъсис этилиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларидаги таклифлар тақдимоти билан танишди.

Экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Фаол ва жонкуяр инсонларни рағбатлантириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвонини таъсис этиш таклифи билдирилди.

Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Орхус конвенциясига қўшилиш масаласи кўриб чиқилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик бўйича модда киритиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Шунингдек, эндиликда дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш, дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш кабилар учун жарималарни ошириш ва қатъийлаштириш чоралари кўрилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: