17:53 | 28.10.24

                       

Депутатлик сайловларида 74,7 фоиз сайловчи қатнашди

Марказий сайлов комиссияси брифингида сайлов натижалари эълон қилинди. Унга кўра,сайловда 74,72 фоиз сайловчи қатнашган. Бундан кўринадики, мамлакатда аҳолининг сиёсий фаоллиги олдинги парламент сайловларга нисбатан анча ортган.

27 октябрь куни Ўзбекистонда муҳим сиёсий тадбир, яъни Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди. Бугун Марказий сайлов комиссияси брифингида сайлов натижалари эълон қилинди. Унга кўра,сайловда 74,72 фоиз сайловчи қатнашган. Бундан кўринадики, мамлакатимизда аҳолининг сиёсий фаоллиги олдинги парламент сайловларга нисбатан анча ортган.

Бунга сабаб, биринчидан, сайлов жараёнлари билан боғлиқ фаолиятни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда замонавий сиёсий технологиялардан кенг фойдаланилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 20 дан ортиқ турли форматдаги сиёсий партия вакиллари ва номзодлар ўртасида теледебатларбўлиб ўтди.

Шу билан бирга, сайловолди ташвиқотида барча мавжуд замонавий сиёсий технологиялар, шу жумладан сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилди. Сунъий интеллект ёрдамида сайлов жараёнига оид турли видеороликлар, тарқатма материаллар тайёрланиб, юртимизнинг барча ҳудудлари сайловчилари ўртасида тарқатилди.

Иккинчидан, сайловолди ташвиқот-тарғибот ишларида e-saylov ахборот тизими жорий қилингани натижасида сайлов жараёнлари очиқ, ошкора, шаффоф ва адолатли ўтишига, айрим бюрократик тўсиқларга барҳам беришга эришилди. Бу нафақат сайловчилар учун, балки сайлов жараёнлари иштирокчилари учун ҳам маълумотларни олишда жуда катта имкониятларни яратди. Мазкур тизимдан фойдаланиш орқали сайлов жараёни иштирокчилари ўртасидаги муносабатлар тўлиқ рақамлаштирилди, сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракатини қисқартиришга, буларнинг натижаси ўлароқ, манфаатлар тўнашувининг олдини олиш, сайловларга оид маълумотларнинг янада очиқ бўлишини таъминлашга эришилди. Энг муҳими сайловчи битта манбадан депутатликка номзодлар, уларнинг дастурлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш имкониятига эга бўлди.  

Учинчидан, Ўзбекистонда биринчи маротаба аралаш сайлов тизими жорий этилди. Бу нафақат номзодлар, балки сиёсий партиялар ўртасида ҳам рақобатнинг янада фаоллашувига олиб келди.Олдинги сайловларда фақатгина номзодлар ўртасида рақобат бўлган бўлса, аралаш сайлов тизимининг жорий этилиши, ўз навбатида, сиёсий партияларнинг ҳам анча фаоллашувига олиб келди. Бу сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотида яққол кўзга ташланди.

Хулоса сифатида таъкидлашимиз мумкин, сайлов натижалари халқ ишончини намоён қилди. Шу ўринда ЎзЛиДеПнинг мутлақ устунликка эришиши партия Сайловолди дастуриҳар томонлама ҳаётий эканлиги, номзодлар илгари сурган ташаббуслар ижтимоий-иқтисодий муаммоларга аниқ таклифлар ва ечимлар бера олгани билан боғлиқ десак тўғри бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: