19:00 | 24.06.24

                       

Дербент ва Махачқалъадаги терактлар хронологияси

Террорчилар томонидан 15 дан ортиқ одам ўлдирилди, 30 га яқин одамлар жиддий жароҳатлар билан касалхоналарда даволанишмоқда.

23 июнь куни Россия Федерацияси таркибидаги Доғистон Республикасининг икки шаҳри — Махачқалъада ва Дербентда бир гуруҳ қуролланган жиноятчиларнинг террорстик ҳаракатларни амалга оширганлари ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Дастлабки маълумотларда, ҳужум қурбонлари 15 кишидан ортиқ эканлиги айтилган. Уларнинг аксарияти полиция ходимлари эканлиги, шунингдек, Руҳоний Николай  Котелниковнинг шафқатсизларча ўлдирилгани баён қилинди.

Дербентдаги ҳужум

Маҳаллий телеграм каналлар Дербент шаҳрининг Ленин кўчасида отишма  бошлангани ҳақида хабар тарқата бошлашди. Мазкур хабарлардан кейин 20 дақиқа ўтар ўтмас Махачқалъа шаҳрида ҳам отишма бўлаётгани ва  полициячиларнинг ўлими юз бераётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Деярли бир вақтнинг ўзида Доғистон оммавий ахборот воситалари ва маҳаллий блогерлари Дербентда ёнаётган черков видеосини улаша бошладилар.

Махачқалъадаги ҳужум

Номаълум шахсларнинг  Махачқалъадаги йўл полицияси постига ҳужум қилишгани ҳақидаги хабарлар Дербентдаги ҳужумлардан ўн дақиқа ўтгач тарқала бошлади.

Хабарларга кўра, Ермошкин кўчасида йўл патрул полицияси постига қуролли ҳужум уюштирилиб, бир неча полициячи ўлдирилган.

Доғистон ИИВ хабари

Доғистон Ички ишлар вазирлиги ўз расмий телеграм каналида Дербент шаҳридаги Муборак бокира Марям шафоати черкови ва яҳудийларнинг синагогигасига уюштирилган террорчилик ҳужумлари ҳақида хабар берди. Хабарга кўра, соат 18:00 да  бир гуруҳ соқолли одамлар қўлларидаги ўқ отар қуроллар билан ибодатхоналарга ҳужум уюштириб уларни ёқиб юборишган. Ҳужум натижасида бир нафар полиция ходими, черков руҳонийси ва қўриқчиси вафот этишган. Доғистон ИИВ, ҳужумдан кейин террорчилар қочган автомашина ҳақида ёзиб, автомашина Доғистон Республикаси ҳудудига тегишли 921 рақамли оқ рангли Wolksvagen POLO  эканлиги тўғрисида ёзиб қолдирган. Кейинчалик ушбу автомашина маҳаллий амалдорлардан бирининг ўғлига тегишли эканлиги ҳақида хабарлар тарқатилган.

Воқеалар хронологияси (маҳаллий вақт)

19:21 да Дербент ва Махачқалъада қуролли ҳужум пайтида беш киши ҳалок бўлганини ва тўққиз нафар одамнинг жиддий  жароҳатлангани ҳақида хабарлар тарқатилди. Ярим соат ўтгач қурбонлар сони 23 тага кўпайгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

19:32 да Махачқалъада Магомед Ҳожиев кўчасида янги ҳужум уюштирилади. Тахминан шу вақтнинг ўзида Оржоникидзе кўчасида полиция патрул машинасига ўт қўйишади, бир неча полициячилар жароҳатланишади.

19:34 Террорчилар Дербент шаҳридаги Черков руҳонийсини буйнидан бўғизлаб ўлдиришади. Черков қўриқчисини эса отиб ташлашади. Ибодатхонага келганлар ўзларини ҳимоялаш мақсадида Черков залига бекиниб олишади. Шундан сўнг террорчилар черковни ёқиб юборишга қарор қилишади. Бу ҳақда Доғистоннинг жамоатчилик назорати комиссияси раиси ўринбосари Шомил Хадулаев ОАВ орқали чиқишида айтади.

19:43 да Махачқалъа полицияси ходимларига ҳужум қилган террорчиларнинг йўқ қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлади. Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси (террорчилик акти) бўйича жиноий иш қўзғатилади. Доғистонда терроризмга қарши кенг кўламли операция режими жорий қилинди.

20:01 да  Махачқальада ўқ овозлари, маҳаллий пляжларда, шунингдек исломий бўлмаган ибодатхоналар яқинида эшитилаётгани, олти полициячининг ўлгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бироз муддат ўтгач вафот этган полициячилар сони 9 нафар эканлиги ҳақида хабарлар тарқай бошлайди.

 

20: 33 да Дербентда яна отишма бошланди ва бунинг оқибатида ёнғин остида қолган черковга ўт ўчирувчилар етиб бора олишмайди.

20:44 га келиб, Махачқалъа шаҳридаги черков яқинида жанг ҳали ҳам давом этаётгани, Черковда 40 нафар ибодатчининг қулфланиб олганлиги ҳақида  хабарлар кела бошлайди. Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги бу маълумотни рад этади.

21:17 да террорстик ҳужумлар бартараф этилгани аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилингани ҳақида расмий ахборот тарқатилади.

23: 15 да Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси Дербентда «терроризмга қарши операциянинг фаол босқичи тугалланганини ва террорчилар йўқ қилингани» ҳақида хабар беради.

23:30 да Доғистон Ички ишлар вазирлиги Махачқалъадаги отишмалар натижасида  учта полициячи ва 13 тинч аҳоли вакили касалхонага ётқизилгани ҳақида  ўз телеграм каналида пост эълон қилади.

24 июнь соат 01:17 да Дербентдаги ёнғинлар ўчирилади. 

Доғистондаги террактларга оид фактлар

Доғистонлик ўт ўчирувчилар томонидан Дербентдаги ўчирилаётган ибодатхонанинг фотосурати эълон қилинди. Ёнғин остида қолган черков дарвозаларида 2:120 ва 8:39 рақамлари бўялганига урғу берилади. Маҳаллий масжидлардан бирининг имомининг айтишича, бу мусулмонларнинг Қуръон китобидаги баъзи суралари ва оятларининг белгиси экан. Яъни қуръондаги 120-суранинг 2-ояти яҳудийлар ва насронийлар фойдасига Аллоҳнинг йўлидан қайтмасликка чақирилади. 39-суранинг 8-ояти эса  Аллоҳга сажда қилмайдиганлар билан курашишга чақирилган.

Россия Давлат Думаси депутати асли доғистонлик Абдулҳаким Ҳожиевга кўра:

– Доғистондаги террактларда  Украина ва НАТО мамлакатларининг аралашуви бор.

Террорчилар Н075УТ05 рақамли Wolksvagen POLO ва қора рангли LADA Vestaдан фойдаланишган. Маълумотларга кўра, машина  2022 йилгача Доғистон Республикаси экстремизмга қарши кураш марказида тезкор ходим бўлиб ишлаган Шомил Ибрагимовга тегишли бўлган.

Икки нафар террорчи Сергокалинский тумани раҳбари Магомед Омаровнинг ўғиллари эканлиги айтилмоқда

Махсус операция натижасида йўқ қилинган террорчиларнинг шахси аниқланганда, уларнинг икки нафари Доғистоннинг Сергокалинский тумани мери Магомед Омаровнинг Осман ва Одил исмли ўғиллари бўлиб чиққан.

Магомед Омаровнинг ўзи ҳибсга олинган ва ФСБ томонидан сўроқ қилинмоқда. Унинг уйида тинтув бошланган.

Доғистон ИИВ версиясига кўра, Исломий давлатнинг доғистондаги ҳужралари ҳаракатга келган. Йўқ қилинган ва қўлга олинган террорчилар ИИВ маълумотлар базасида турли диний оқимларнинг аъзолари сифатида руйхатда туришган.

Ҳужумлар натижасида Дербентдаги полиция бўлими бошлиғи Мавлудин Хидирнабиев ҳалок бўлган.

 

Дилшод Ҳакимов тайёрлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: