11:33 | 02.07.24
ДХХ учта туман ҳоким ўринбосарларини пора билан ушлади. Улардан бири 20 минг доллар билан қўлга тушган.
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокимининг ўринбосари ҳокимлик балансидаги уйни бузиш, ундан чиққан материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш (сотиш) ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига бировдан 35 миллион сўм талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда, ҳоким ўринбосари сўралган пулдан 32 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Андижон вилояти Бўстон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўзининг номидаги 10 гектар ерни экспортбоп маҳсулотлар етиштирилувчи ер тоифасига ўзгартириб, тадбиркорга 3 йилга фойдаланишга бериш учун 20 минг АҚШ доллари талаб қилди. Тадбиркор бу ҳақда туман ҳокимининг экин майдонларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорини чиқартириб, уни каврак ўсимлиги етиштирмоқчи бўлган.
ДХХ томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Текширув давомида, кенгаш раиси аванс сифатида олган пулни Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлган. Тезкор тадбир давом эттирилди ҳамда ушбу мансабдор шахс ҳам 10 минг АҚШ долларини ўзининг хизмат машинасида олган вақтида ушланди.
Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бўка тумани бўлими бошлиғи 2022 йилда қурилган кўп қаватли уй учун «Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида давлат қабул қилиш далолатномаси»ни тасдиқлатиб бериш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилди.
Тезкор тадбирда, унинг топшириғига кўра, талаб қилинган пулни олганида туман ФВБ ходими ашёвий далиллар билан ушланди. Терговга қадар текширув давомида, Бўка тумани ФВБ бошлиғи 1200 АҚШ долларини Бўка тумани ҳокимининг ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлди. Тезкор тадбир давом эттирилди ҳамда мазкур мансабдор шахс ушбу пул маблағини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ушланди.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.