23:48 | 08.08.24

                       

Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари маълум бўлди

Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рўйхати эълон қилинди. Улар қаторида Тошкент ҳам бор.

Швейцариянинг Женева шаҳри 2024 йилда яшаш учун энг қиммат шаҳар деб топилди. Бу ҳақда Numbeo томонидан тузилган рейтингда маълум қилинди.

Ушбу рейтинг дунёнинг 218 та шаҳрини ўз ичига олади ва ҳар олти ойда янгиланади. У тўрт кишилик оила учун яшаш нархининг турли жиҳатларини акс эттирувчи бир нечта асосий кўрсаткичларни ҳисобга олади.

Кенг қамровли баҳолаш учун «яшаш қиймати индекси» қўлланилади. У озиқ-овқат, ресторанлар, транспорт ва коммунал хизматлар каби истеъмол товарларининг нисбий нархларини кўрсатади. Аммо бу индекс ижара ёки ипотека каби яшаш харажатларини ўз ичига олмайди.

2024 йилда энг қиммат шаҳар 101,7 балл билан Женева (Швейцария) бўлди. Швейцариянинг яна бир шаҳри Цюрих иккинчи, Американинг Нью-Йорк шаҳри учинчи ўринни эгаллади.

Тошкент рейтингда 201-ўринда қайд этилди. Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари рейтингдан жой олмади.

Шунингдек, Дубай (БАА) 78-ўринни, Токио (Япония) 95-ўринни, Истанбул (Туркия) 136-ўринни, Москва (Россия) 137-ўринни, Пекин (Хитой) 158-ўринни, Санкт-Петербург (Россия) 162-ўринни, Олмаота (Қозоғистон) 164-ўринни, Бишкек (Қирғизистон) 197-ўринни эгаллади.

Покистоннинг Қарочи ва Лоҳур, Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳарлари энг чўнтакбоп бўлиб чиқди.