14:45 | 27.08.24

                       

Дуров ҳибсга олингач, Telegram мессенжерини юклаб олиш кескин ошди

Дуров ушланганидан кейин Telegram’ни юклаб олиш кўпайди.

Telegram асосчиси Павел Дуров ҳибсга олинганидан сўнг, мессенжернинг машҳурлиги кескин ошди. Бу ҳақда TechCrunch портали хабар берди.

26 август ҳолатига кўра, бутун дунё бўйлаб iOS’га Telegram юклаб олишлар сони олдинги кунга нисбатан 4 фоизга ошган. Дуров ҳибсга олинган Францияда эса мессенжер ижтимоий тармоқлар тоифасида App Store’даги юкланмалар бўйича етакчига айланди ва иловалар умумий рейтингида 3-ўринни эгаллади.

Одатда App Store’даги Apple рейтинги иловаларни ўрнатишлар сони, юклаб олиш тезлиги ва бошқа омилларнинг уйғунлигини акс эттиради.

App Store’нинг Америка сегментида Telegram ижтимоий тармоқлар рейтингида 3-ўринни эгаллади (26 августда 2-ўринда эди) ва дам олиш кунлари App Store’нинг энг яхши иловалари рейтингида 18-ўриндан 8-ўринга кўтарилди. Иловалар ишлаб чиқарувчиси Аppfigures маълумотларига кўра, бу Telegram’нинг платформадаги камида 2023 йил 1 январдан буён энг юқори рейтинги ҳисобланади.

Париж прокурори: Дуров кибержиноятчилик иши бўйича ушланди

Икки кун аввал Парижда ушланган Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров кибержиноятчиликка оид тергов доирасида ҳибсга олингани ҳақида Франция пойтахти прокуратураси 26 август, душанба куни кечқурун маълум қилди. Идора маълумотларига кўра, у, хусусан, уюшган гуруҳларнинг жиноий фаолиятига кўмаклашиш, маълумотларни расмийларга топширишдан бош тортиш ҳамда болалар порнографияси, гиёҳванд моддалар савдоси, фирибгарлик ва жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятларга шерикликда гумон қилинмоқда.

Reuters таъкидлаганидек, терговни кибержиноятчилик билан курашиш миллий бўлинмаси ва фирибгарликка қарши кураш бўлими олиб бормоқда. Дуров Telegram платформаси орқали амалга оширилган молиявий ва кибержиноятларга нисбатан ҳаракатсизликда айбланмоқда, деди агентликка Франция полицияси вакили.

Ҳозирда бу иш юзасидан 12 та жиноят бўйича тергов олиб борилмоқда, Дуровга нисбатан Францияда суд жараёни 8 июл куни бошланган. Париж прокуратураси пресс-релизида айтилишича, ҳибсга олиш муддати 96 соатгача, яъни 28 августгача давом этиши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: