ЕИ’да антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш оқибатида бир миллиондан ортиқ одам вафот этган
2050 йилга келиб бу кўрсаткич 10 миллионга кўпайиши мумкин.
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 73-сессиясида микробларга қарши курашишга доир «Йўл харитаси»ни қабул қилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу ҳужжат антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш масалаларини ҳал қилишга қаратилган.
ЖССТ экспертларининг сўзларига кўра, биргина Европа Иттифоқи мамлакатларида дори-дармонлардан нотўғри фойдаланиш оқибатида бир миллионга яқин одам вафот этган. Уларнинг катта қисми зарур эҳтиёжларсиз дориларни қабул қилиш асоратлари билан ҳаётдан кўз юмган.
Қабул қилинган ҳужжат келгуси саккиз йилга мўлжалланган бўлиб, унда микробларга қарши кураш билан боғлиқ муаммони илмий асосланган самарали йўллар билан ҳал қилишга оид чора-тадбирлар ўрин олган.
Маълумот учун, ЖССТ агар антибиотиклардан фойдаланиш тартибга солинмаса, 2050 йилга келиб бир йилда 10 миллионга яқин одам дорилардан нотўғри фойдаланиш оқибатида вафот этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.