12:34 | 17.07.24
Йил якунигача 10 трлн сўмлик асоссиз харажатлар муқобиллаштирилади. Имтиёз ва субсидиялар фақат бир йилга берилади ёки умуман бекор қилинади.
Мирзиёев раислигида биринчи ярим йиллик таҳлили ва йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланганлиги хабар берилганди.
Маълум қилинишича, ўтган йили тадбиркорларга 90 трлн божхона, солиқ имтиёзи, субсидия ва компенсация тақдим этилган.
Видеоселектор давомида, имтиёз ва субсидиялар мақсадли кўрсаткич билан бир йилга берилиши, натижасига қараб муддати чўзиб берилиши ёки умуман бекор қилиниши белгиланди.
Мутасаддиларга йил якунигача 10 трлн сўмлик асоссиз харажатларни мақбуллаштириш чораларини кўриш топширилди.
Йил бошида 20 та йирик корхонада таннархни 15 фоизга пасайтириш бўйича берилган топшириққа кўра, ўтган даврда харажат 8,3 трлн сўмга ёки 10 фоизга камайди. Бу ишларни, айниқса энергетикада тизимли давом эттириш топширилди.
Бундан ташқари, йил бошидан 67 та туманда тушум 1,5 карра ошди. Масалан, Бахмал, Жалақудуқ, Фориш, Қўрғонтепа ва Гулистон туманларида ўсиш 2 баравар бўлган.
Лекин Нукус, Оқдарё, Қизириқ, Мингбулоқ, Мирзо Улуғбек, Қибрай, Тойлоқ туманлари, Наманган ва Зарафшон шаҳарларида ўсиш суръатлари қолган ҳудудлардан анча орқада экани, Шуманайда эса умуман ўсиш бўлмагани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга солиқ тушумларида ўсиш паст бўлган ушбу ҳудудларга бориб, ажратилган кредит, субсидия, давлатдан берилган ресурслар самарасини таҳлил қилиш топширилди.
Таҳлил якунларига кўра ушбу ҳудудлар ҳокимининг биринчи ўринбосари ва солиқ раҳбарлари фаолиятига баҳо берилади.
Ушбу туманларда ҳамда ҳар бир вилоятда республикадан ёрдам олаётган энг оғир биттадан туманда тушумни 2 карра ошириш бўйича намуна яратиш вазифаси қўйилди.