21:06 | 03.10.23

                       

Энергетика вазирлиги энергия ресурсларини тежаб ишлатишга чақирди

Вазирлик, шунингдек, энергетик менежментнинг аҳамияти ҳақида маълумот берди.

Энергетика вазирлиги аҳолини энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга чақирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, кўплаб ривожланаётган мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда катта ҳажмда энергия талаб қилувчи ишлаб чиқаришларнинг кўпайиши ортидан унга бўлган талаб ортиб бормоқда.

Мамлакатда энергия нархлари ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари, аниқроғи, ажратилаётган субсидиялар эвазига ушлаб турилгани билан унинг таннархи муттасил ўсмоқда.

Нархлар ошиши оилавий бюджетга таъсир қилмаслигининг ягона йўли – энергия сарфини назорат қилиш ва тежашга ўрганиш.

Электр энергияси харажатларини камайтиришдан энг аввало якуний истеъмолчининг ўзи, қолаверса, давлат ҳам манфаатдордир.

Ҳозир дунёнинг ривожланган мамлакатларида бу борада алоҳида тизим шаклланган. Масалан, Европада «энергетик менежмент» деган тушунча бўлиб, уй хўжаликлари энергия ресурсларини сарфлашда турли замонавий воситалар ва усуллардан фойдаланади.

Турли-туман тарифлар, энергия тежаш дастурлари, «қиммат энергия соатлари»да уни камроқ ишлатиш, уйдаги энергия сарфини реал вақт режимида кўриб туриш сингари инструментлар тобора оммалашиб бормоқда.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази яқинда ўтказган тадқиқотлар натижаларига кўра, респондентларнинг 50 фоиздан ортиғи ўз хонадонида бир ойда қанча электр энергияси сарфланиши ҳақида билмайди.

Ривожланган мамлакатларда эса энергия ресурслари сарфини уй хўжаликлари даражасида қатъий назорат қилиш, энергетик менежментни оила бюджетининг асосий шартига айлантириш, бу жараёнга «ақлли мониторинг» усулларини фаол жорий қилиш орқали мамлакат миқёсида 30-40 фоизгача тежамкорликка эришиш мумкинлиги аллақачон исботланган.

Шунга кўра, вазирлик аҳолини бир ойда қанча миқдорда табиий газ, электр энергияси ва сув сарф қилинганининг ҳисобини юритишга чақирган.

«Агар масалага жиддийроқ ва масъулият билан ёндашсак, хонадонимиз қайси ойда, ҳатто куннинг қайси соатларида кўпроқ энергия ресурслари сарфлашини ҳам назорат қилишимиз мумкин. Бундай қатъий назорат биринчи навбатда ўзимиз, чўнтагимиз учун керак», дейилади хабарда.

Энергетика вазирлиги, шунингдек, энергия ресурслари сарфини аниқ ва тўғри ҳисоблайдиган, замонавий ҳамда инновацион ечимларни кўпайтиришни маслаҳат берган. Онлайн режимда энергия сарфини кузатиш инструментлари, турли иловалар ҳамда сервислардан фойдаланишни рағбатлантириш кераклиги таъкидланган.

«Барчамиз учун ‘энергетик менежмент’га ўрганиш вақти келди. Бекорга оқиб ётган сувни беркитиш, кечаси-ю кундузи шунчаки ёниқ турадиган чироқларни ўчириб юришга ўрганиш, ўз ‘Уй хўжалигимиз ҳар куни, ҳар ой қанча электр ва газ сарфлаяпти, нега бу сафар бирдан кўпайиб кетди?!’ каби саволларни доимий ўзимизга бериб туришга ўрганишимиз ана шундай ‘ақлли мониторинг’ намунасидир.

Бу ишлар биздан маблағ сўрамайди, катта ташвиш туғдирмайди, шунчаки биздан бир оз масъулиятли бўлиш талаб этилади холос», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги қайси электр жиҳозлари электр энергиясини энг кўп сарф қилиши ҳақида маълумот берганди. Шунингдек, бир дона чўғланма лампани қисқа вақтга ўчириш орқали қанча электр токини тежаш мумкинлиги аниқланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: