11:03 | 05.11.24

                       

Эркин Турдимов ҳокимликка тасдиқланди

Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига Эркин Турдимов номзоди тасдиқланди.

Эркин Турдимов Самарқанд вилояти ҳокимлигига тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Bugun.uz’га хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессиясида навбатдаги масала —  вилоят ҳокимини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Қонунчиликка кўра, вилоят ҳокими лавозимига номзод Президент томонидан тақдим этилади ҳамда ушбу номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказилади.

Шу муносабат билан вилоят ҳокими лавозимига номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказиш учун Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев сессия ишида иштирок этди. Маслаҳатлашувда давлат раҳбари томонидан вилоят ҳокими лавозимига Эркин Турдимов номзоди кўрсатилганлиги билдирилди.

Номзод депутатларга ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболига мўлжалланган ўз дастурини тақдим этди. Номзод бўйича партиялар гуруҳлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддаси ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси қарори билан Турдимов Эркинжон Оқбутаевич номзоди Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.