23:41 | 17.09.24
Эшак гўшти истеъмол қилинадиган маҳсулотлар қаторига қўшилиши ҳақидаги баҳсли хабар Қонунчилик палатасининг Telegram-каналидан ўчириб юборилди.
17 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Унда депутатлар томонидан «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун билан боғлиқ тушунмовчиликка изоҳ берди.
Унга кўра, қонун лойиҳаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачилик қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилнинг 5 август куни қонун ташаббускори томонидан Қонунчилик палатасига киритилган.
Қонун лойиҳаси билан жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парвариш қилинадиган) ва урчитиладиган уй ҳайвонлари – қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя, ит ва мушукларнинг идентификация қилиниши (визуал ёки электрон биркаларни ҳамда электрон микрочипларни ҳайвонларга ўрнатиш) назарда тутилган.
Таъкидланишича, лойиҳани кўриб чиқиш жараёнида депутатлар томонидан эшак, ит ва мушукнинг идентификация қилинишининг асослилиги бўйича эътирозлар билдирилган.
Эътирозлар қонун ташаббускорлари томонидан қабул қилиниб, лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланган тақдирда, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида олиб ташланиши қайд этилган.
«Қонун лойиҳасида эшак гўштини истеъмол учун ишлатиладиган гўшт тоифасига киритиш назарда тутилмаган.
Умуман бу қонун гўшт истеъмоли ҳақида эмас, балки ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш муносабатларини тартибга солади. Матбуот хабарномасидаги таҳририй хато туфайли тушунмовчилик келиб чиққан», – дея маълум қилди Одилжон Тожиев.
Айни пайтда Қонунчилик палатасининг Telegram-каналидан тушунмовчиликка сабаб бўлган пост ўчирилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: