18:45 | 24.02.23

                       

Европа Иттифоқи ва НАТО Хитойнинг Украина бўйича тинчлик келишуви режасига муносабат билдирди

НАТО Пекиннинг тинчлик формуласига ишониб бўлмаслигини айтди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича Хитой таклиф қилган ҳужжатни ўрганади, бироқ уни «Пекин ва Москва ўртасидаги дўстлик» фонида кўриб чиқади.

«Хитой, масалан, босқиндан олдин Россия билан дўстлик шартномасини имзолаб, улар томон бўлди. Албатта, биз принципларни кўриб чиқамиз, лекин биз уларни Хитой Москва томонини олгани фонида кўриб чиқамиз», — деди Урсула фон дер Ляйен.

Маълумот учун, Хитой Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича ўзининг тинчлик режасини можаро бошланганининг бир йиллиги муносабати билан 24 февраль куни тақдим этди. Тинчлик режаси 12 банд, жумладан, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, тинчлик музокараларини қайта бошлаш ва бир томонлама санкцияларни тўхтатишни ўз ичига олади.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эса Хитойнинг тинчлик режасини шарҳлар экан, Пекин «жуда ишончга эга эмас»лигини айтиб ўтган. Унинг таъкидлашича, альянс ҳозирда ҳеч қандай далил бўлмаса ҳам Россияга Хитой қуролларининг етказиб берилишини истисно этмайди.

«Хитой буни қилмаслиги керак, чунки бу ноқонуний тажовузни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳуқуқни бузиш дегани», — дея огоҳлантирди НАТО бош котиби.

Польша президенти Анжей Дуда Хитой томонидан келишув бўйича тақдим этилган таклифлар ва Киев расмийларининг бу қадамга муносабати тинчликка йўл бўлиши мумкин деб ҳисоблашини маълум қилди.

«Хитойнинг режаси ҳар доим тинчликка йўл бўлиши мумкин ва менимча, Украина расмийлари, хусусан, президент Зеленский ўзини тутиши жуда оқилона. Хитой каби буюк шерик ва буюк давлатни эътибордан четда қолдириб бўлмайди», — деди Дуда.

Бироқ Хитойнинг Россия—Украина бўйича тинчлик режаси Киевда қабул қилиб бўлмас деб топилди. Олий Рададаги «Халқ хизматчиси» президентлик фракцияси раҳбари Девид Арахамиянинг фикрича, Украинадаги можарони «тинчлик» билан ҳал қилиш ҳақидаги гаплари Киев учун мос келмайди.

Аввалроқ Хитой Украина можаросини ҳал этишнинг 12 банддан иборат режасини эълон қилганди. Шунингдек, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг айтишича, Хитой Россия билан муносабатларидан келиб чиқиб, можарони ҳал этишда муҳим роль ўйнаши мумкин. Бундан ташқари, Хитойнинг БМТдаги вакили ўринбосари Дай Бин ташкилот Бош Ассамблеяси йиғилишида Украинага қурол-яроғ етказиб бериш орқали тинчликка эришиб бўлмаслигини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: