9:43 | 19.09.23
Аёл ёш боласи билан йўлнинг қатнов қисмида тиланчилик қилган.
Кеча, 18 сентябр куни ижтимоий тармоқларда патрул-пост хизмати (ППХ) ходимлари бир аёлни тепиб, машинага ўтқазаётгани акс этган видео тарқалди. Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 18 сентябр куни патрул-пост хизмати ходимлари Фарғона шаҳар Ислом Каримов ва Қувасой кўчалари чорраҳасида хизмат олиб бораётган вақтда тиланчилик билан шуғулланаётган аёл билан профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида ундан йўлнинг қатнов қисмидан четга чиқишини сўраган. Бундан аёлнинг жаҳли чиқиб, ходимларга қаршилик кўрсатган. Уни Ички ишлар бошқармасига олиб кетмоқчи бўлишганда аёл қўлидаги боласини ерга ташлаб юбориш билан таҳдид қилган. Бола ходимлар томонидан ушлаб қолинган.
Аммо ППХ ходимининг кейинги ҳаракати эътирозларга сабаб бўлди. Тармоқда тарқалган видеолардан кўриш мумкинки, ички ишлар ходими аёлни тепиб, машинасига ўтқазишга уринган. Бу ҳолат жамоатчиликнинг кескин танқидларига сабаб бўлди.
Шу сабабли, воқеа юзасидан шу куннинг ўзида хизмат текшируви ўтказилиб, «касб одоби ва этикасига амал қилмай, ноўрин ҳаракатлар содир қилган» ППХ ходими эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
Шунингдек, вилоят ИИБ барча шахсий таркиби юқоридаги каби ҳаракатларни содир этмаслик бўйича қатъий огоҳлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, бундай ҳолатлар аввал ҳам бир неча бор кузатилган. Масалан, 2021 йилда Тошкентда ички ишлар ходимлари фарзандидан фойдаланиб йўлнинг қатнов қисмида тиланчилик қилган аёлни мажбурлаб машинага ўтқазгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шунингдек, 2021 йилнинг апрел ойида ҳам Тошкентда болалар воситасида тиланчилик қилган уч нафар аёл ППХ ходимлари томонидан хизмат автомобилида олиб кетилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: