15:51 | 04.11.24
Фарғонада ариқдан 46 ёшли эркак ўлик ҳолда топилди. Унинг танасида жароҳат излари аниқланмаган. Прокуратура терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.
Фарғона шаҳрида ариқдан эркак кишининг жасади топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Bugun.uz’га хабар берди.
Фарғона шаҳри прокуратурасига 2 ноябрь куни соат 08:30 да шаҳар ИИО ФМБ навбатчи қисмидан хабар келиб тушди. Маълумотда шаҳарнинг Чекшура МФИ Чарогон кўчасида номаълум шахс танасида жароҳат аломатларисиз топилгани айтилган.
Воқеа жойига шаҳар прокурори раҳбарлигида тезкор-тергов гуруҳи юборилди. Кўздан кечириш давомида ишга алоқадор ҳолатлар аниқланмаган ва ашё далиллари олинган олинмаган.
Марҳум фарғоналик 1978 йил туғилган Р.С. эканлиги маълум бўлди. Унинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Дастлабки экспертиза натижаларига кўра, Р.С.нинг ўлими нафас йўлларининг сув билан беркилиши натижасидаги механик асфикция сабабли рўй бергани, шунингдек, танасида жароҳатлар аниқланмаганлиги кўрсатилган. Ҳозирда Фарғона шаҳри прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.