13:24 | 16.09.24

                       

Фарғонада аёллар кийим алмаштириш хонасига яширин камера ўрнатилди

Фарғонада аёллар кийим алмаштирадиган хонага яширин камера ўрнатиб қўйилгани аниқланди (видео).

Фарғона педагогика маҳорат марказидаги хоналардан бирида яширин камера аниқланди. У хонадаги шкаф устида турган, қўл меҳнати билан ясалган кичик уйча ичига ўрнатилган бўлган.

Камерани маҳорат марказига малака оширишга келган ўқитувчилар топиб олган. Улар ҳолатни видео тасвирга олиб, яширин камера ўрнатилганидан норози бўлишган ҳамда хонада айрим аёл-қизлар усти-бошини ҳам алмаштирганини айтишган.

Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганиш жараёнида ушбу хона аёллар хонаси эмас, дарс машғулотлари ўтказиладиган аудитория эканлиги, камерани марказ ўқитувчиларидан бири ўрнатиб қўйганлиги аниқланган.

«Айнан ўша аудиториянинг камераси ишламай қолганлиги сабабли қўйилган эди. У ўқув хонаси бўлган. Бизнинг кафедранинг 6 та аудиторияси бор. Марказимизда ҳеч қандай ечиниб-кийиниш хонаси ҳам, ётоқхона ҳам мавжуд эмас.

Бизнинг битта хатойимиз камерани очиқ ўрнатмаганимиз. Мен бу даражада шов-шув бўлиб кетади деб ўйламагандим. Албатта, бу камчилигмизни тўғирлашга ҳаракат қиламиз. Афсусдаман, узр сўрайман. Мақсадим шу дарс жараёни ҳақида маълумотга эга бўлиш эди», деган камерани ўрнатиб қўйган ўқитувчи.

Ҳолат юзасидан марказ ҳам расмий муносабат билдирди. Унда келтирилишича, ҳолат тегишли тартибда ҳудудий марказ масъуллари томонидан ўрганиб чиқилган.

«Жорий йилнинг 12 сентябр куни ҳудудий марказга келган тингловчилар 34-аудиторияда тарғибот воситаси сифатида қўйилган ўқитувчилар қўл меҳнати билан яратилган кичик уйчани кўздан кечиришаётганда унинг ичида кичик камера тасвирга олияётганининг гувоҳи бўлишган. Воқеликдан марказ мутасаддиларини огоҳлантиришган.

Шу куни маъмурият томонидан мазкур камера нима мақсадда қўйилгани мавҳум бўлгани учун ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳолатга ойдинлик киритишга ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилинган», дейилади марказ расмий муносабатида.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилган. Қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: