15:57 | 22.03.23
Париж марказий кўчаларидаги чиқинди уюмлари пиёдалар ва транспорт ҳаракатига қийинчилик келтириб чиқармоқда
Франция президенти Эммануэл Макрон ҳукумати (Вазирлар Маҳкамаси) ишончсизлик вотумига бардош бериши шарти билан, овоз беришсиз амалга оширишга рухсат берувчи моддадан фойдаланган ҳолда мамлакатда пенсия ислоҳотини бошлаган. Парламентни четлаб ўтиб, қабул қилинган пенсия ислоҳоти эса маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлиб, Франциянинг бир неча йирик шаҳарларида тартибсизликлар келтириб чиқарган. 15 март куни ярим миллионга яқин франциялик намойишларга чиққан.
Пенсия ислоҳоти 2030 йилга бориб, пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача босқичма-босқич оширишни, шунингдек, энг кам пенсия миқдорини 1200 еврога етказишни назарда тутади.
Оммавий намойишлар шароитида Париж коммунал хизмат корхоналарининг ходимлари ҳам иш ташлаш эълон қилган. Бу эса Франция пойтахтида 10 кундан ортиқ вақт давомида чиқиндиларни олиб чиқиш билан боғлиқ вазиятни мураккаблаштириб, пойтахт кўчаларида чиқиндилар уюми пайдо бўлишига сабаб бўлган. Чиқиндилар Париждан қачон олиб кетилиши ноаниқ, коммуналчилар 23 март куни бўлиб ўтилиши кутилаётган умуммилий норозилик намойишида ҳам иштирок этишини маълум қилган.
Париж кўчалари чиқинди солинган қопларга тўлиб тошган. Яқин вақт ичида вазият ўнгланиши ҳам савол остида. Коммунал хизмат ходимлари билан бирга транспорт ходимларининг иш ташлаши икки ойдан ортиқ вақт давомида қатор соҳалар фаолиятида узилишлар келтириб чиқармоқда.
Париж шаҳри маъсуллари 17 март куни кўчалардаги чиқинди миқдори 10 минг тоннага етгани ҳақида маълум қилган. Пойтахтнинг айрим ҳудудларида эса чиқиндилар бадбўй ҳид чиқармоқда.
Кўчаларда ҳосил бўлган чиқиндиларни намойишларда иштирок этмаган хусусий компания ходимлари олиб кетишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу ишлар вазиятнинг ўнгланишига катта ҳисса қўшмайди. Сўнгги ҳафтада олиб кетилмаган чиқиндилар миқдори яна 50 фоизга ошган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: