Гамбияда кўпчилик Ўзбекистонга келишни истайди — Ҳассан Жаллоу
Bugun.uz мухбири Африкадаги энг кичик давлатлардан бирининг UNWTO Бош Ассамблеяси сессиясида қатнашаётган вакили билан суҳбатлашди.
Самарқанд шаҳрида 16-20 октябр кунлари 160 дан ортиқ давлатдан келган вакиллар иштирокида Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Bugun.uz мухбири сессияда қатнашаётган Гамбия вакили Ҳассан Муҳаммад Жаллоу билан суҳбатлашди.

Ҳассан Жаллоунинг айтишича, Гамбияда Ўзбекистон ҳақида жуда оз одам билади, аммо мамлакат ҳақида маълумотга эга одамлар унга саёҳат қилишни жуда истайди. Бунга сабаб сифатида эса Ҳассан Жаллоу Гамбия аҳолиси ҳам худди Ўзбекистондаги сингари ислом динига эътиқод қилишини келтирган.
Статистикага кўра, Гамбиядаги 2 миллион одам ёки аҳолининг 96 фоизини мусулмонлар ташкил қилади.
Bugun.uz мухбири гамбиялик меҳмондан Самарқандда давом этаётган UNWTO сессиясидан нималар кутаётгани ҳақида сўраганида, у коронавирус пандемияси ҳамда Украина уруши натижасида туризм соҳаси ҳам қийинчиликларга учрагани, эндиликда эса янада мустаҳкам халқаро ҳамкорлик ва янги шартномалар туризм ривожи учун ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлаган.
Ҳассан Жаллоу, шунингдек, Гамбиядан Туркиянинг Истанбул шаҳрига ва у ердан Самарқандга 24 соат давомида учиб келгани ҳақида ҳикоя қилиб берган. У халқаро туризмни ривожлантириш учун ҳаво транспортига инвестиция киритиш зарурлигини, Гамбияда ҳам бу бўйича муаммолар етарли эканини айтиб ўтган.
Маълумот учун, Гамбия Ғарбий Африка соҳилида жойлашган кичик давлат бўлиб, ғарбий қисмини Атлантика океани сувлари ювиб туради, қолган барча томондан Сенегал билан чегарадош. Ҳудуди 11,3 минг километр/квадрат бўлиб, катталигига кўра Жиззах вилоятидан деярли икки баравар кичик. Ҳозирча ушбу мамлакат Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларни ўрнатган 140 дан ортиқ давлатдан бири эмас. Аммо икки давлатни боғлаб турувчи жиҳатлар ҳам мавжуд. Масалан, 2022-2023 йилларда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан Ўзбекистонда 65 нафар бола вафот этган бўлса, худди шу сироплар Гамбияда 66 нафар боланинг ҳаётига зомин бўлган.