Гонконгда 140 йил ичидаги энг кучли ёғингарчилик кузатилди — видео
Ҳодиса оқибатида камида 110 киши жабрланган.
Хитойнинг Гонконг шаҳрида 140 йилдан буён кузатилмаган кучли ёғингарчилик оқибатида камида 11 киши жабрланди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.
Қайд этилишича, ёмғир оқибатида шаҳар метроси, вокзаллар ва савдо марказларини сув босган, мактабларда дарслар бекор қилиниб, ишчилар уйларида қолган. Гонконг Ўт ўчириш департаментига сув тошқини сабабли ёрдам сўраб 340 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Ўн бешта вақтинчалик бошпана очилиб, камида 325 киши бошпана билан таъминланган.
Табиий офат оқибатида жабрланганларнинг тўрт нафари оғир аҳволда экани маълум қилинган. Шунингдек, яна бир киши бедарак йўқолган. Шаҳар полициясига кўра, бир нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Гонконг метеорология обсерваториясининг маълум қилишича, шаҳарда жорий ёғин миқдори 600 миллиметрни ташкил этган бўлиб, бу йиллик ёғиннинг тўртдан бир қисмига тенг.
Бу 1884 йилдан бери энг кучли ёғингарчилик сифатида баҳоланмоқда. Шаҳарда бўрон огоҳлантириши эълон қилинган.