«Гармошкали» янги автобуслар ва электробусларнинг Тошкентдаги «саргузаштлари» ҳақида
Автобуслар йўлга қўйилганига 6 ой ҳам бўлмасдан «ҳунари» чиқди
«Гормошкали» автобуслар ва янги электробуслар 10 йил деганда Тошкентга қайтди. Келиши бир шов-шув бўлган бу транспортлар йўлга қўйилганига 6 ой ҳам бўлмасдан «ҳунари» чиқди. Хитойнинг мақтаб мақтаб сотган молининг томи Тошкент шох-шаббасининг кучига чидолмади, йўлларига сиғмади.
Хитойда ишлаб чиқарилган Yutong ҳамда King Long русумли автобуслар 26 март куни пойтахтга олиб келинганди. 8 апрель куни эса электробуслардан ташқари, табиий газда ишлайдиган ўта катта сиғимли «гармошкалар» ҳам келди. Давлат бюджетига 210 млн долларга тушган жами 1000 та автобус пулини оқладими?
1 май куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 18 метрли автобуснинг томидаги «қопқоғи» тушиб кетгани акс этган видео тарқалди. Кейин аниқланишича, «гармошка»ларнинг бири кўча бўйлаб ҳаракатланаётганда дарахт шохига урилиб, автобуснинг томидаги газбаллонларни ёпиб турган блокнинг корпуси осилиб қолган. 26 апрель куни ҳам худди шу туманда юқоридагига ўхшаш ҳолат содир бўлган. Унда ҳам автобуснинг том қисми ажралиб, ерга тушиб, бошқа бир машинага зарар етказган.
«Тошшаҳартрансхизмат»га кўра, ҳолат дарахт шохининг йўл томонга қараб ўсиши ва ҳайдовчининг тажрибаси камлиги сабаб юз берган. Автобус ҳайдовчиларининг таъкидлашича, йўлларда махсус йўлаклар қилингани ҳисобига автобуслар ўнг томондан юриши керак. Ўнг томонда эса дарахтларнинг шохларига урилиш ҳолаталари юқоридаги каби такрор учрамоқда.
Автобуслар муаммоси бири ечилмай яна бири ўртага чиқмоқда: «гармошка»лар йўлларда қайрилиб олиш учун 15 дақиқа вақт сарфламоқда. Баъзи ҳайдовчиларга кўра, бунга йўлларнинг торлиги ва енгил машиналарланинг йўл бермаслиги сабаб бўлмоқда.
Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовга кўра, бекатлар 18 метрли автобуслар учун мослашмаган, «гармошка»ларнинг олд томонидаги 3 та эшиги бекатда қолиб, охирги эшиги ариқнинг олдида очиляпти. Бизда ҳали бекатлар ҳам янги автобусларга мослашмаган.
Энди навбат электробусларга. Электробусларни қувватлаш учун 58 та қувватлантириш станцияси бор холос. Бу жуда кам. Буни «Тошшаҳартрансхизмат»нинг ўзи ҳам тан олган. Шу сабабли Тошкентдаги айрим электробуслар рейсларга ҳам чиқа олмаяпти. Зарядлаш станцияларида навбатлар ҳосил бўлган. Маълумот учун, электр автобусини тўлиқ зарядлаш тахминан 4-5 соат давом этади. Аммо 58 та зарядлаш станциясининг 300 та электробусни зарядлашга кучи етмайди.
Бу ҳозирча биз билган ҳолатлар ҳолос.