21:22 | 16.06.24

                       

Ҳафтанинг муҳим геосиёсий янгиликлари шарҳи

Арманистоннинг арази, Хитой Вашингтонни айблаши, Путиннинг «тинчлик шартлари», Украина бўйича энг катта тинчлик саммити.

Бу ҳафта ҳам худди ёз қайноғидек қизғин воқеаларга бой ўтди. Шу билан бирга беқарор дунё муҳитида тинчлик ва келишув сари уриниш бошланганини айтиб ўтиш лозим.

Россия: «Арманистон КХШТнинг пулини тўлаб қўйсин»

Арманистон КХШТдан чиқиши ҳақида ёзган эдик. Россия Кавказдаги ҳамкорининг ташкилот олдида қарздорлигини эслатиб қўйди. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ёзишича, Ереван аввал ҳам тўловни муаммо қилган. Арманистоннинг 2024 йил учун тўлови 53,22 млн рублни ташкил қилмоқда. Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ КХШТни молиялаштиришни тўхтатиб туришини билдирганди.

Никол Пашинян КХШТга аъзоликни музлатиб қўйиши ҳақида айтганди, аммо айнан қачон бу ташкилотдан чиқиб кетишини билдирмаган. Унинг сўзлари айнан келтирилишича, «бир ой, бир йил ёки уч йилдан кейин ташкилотдан чиқиш ҳақида қарорга келади».

Хитой Вашингтонни Осиёда зиддият қўзғашда айблади

Қўшма Штатларнинг минтақадаги геосиёсий тутуми Жануби-Шарқий Осиёдаги хавфсизликка энг катта таҳдид солмоқда, деб билдирди Хитой Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сун Вейдун.

«Ўз стратегик манфаатларидан келиб чиқиб, Вашингтон Осиёда ўзаро қарама-қарши лагерлар яратмоқда. Бу минтақада қуролланиш пойгасини келтириб чиқаради, Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган мамлакатлар орасида қарама-қаршилик ва зиддиятни кучайтиради, улар орасини бузади», деб айтган Хитой ташқи сиёсати идораси вакили.

Хитой томони Вашингтон ўрта узоқликдаги ракета тизимларини Жанубий-Шарқий Осиёда тарқатишини хавф-хатар, деб ҳисоблайди. Сун Вейдуннинг айтишича, бу минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдид ҳисобланади. Расмий Пекин янги «совуқ уруш»га қатъий қаршилигини билдиради ва вазиятни беқарорлаштирувчи ҳамда қуролланиш пойгасига қаратилган ҳар қанақа ташқи минтақавий кучлар хатти-ҳаракатини қабул қила олмайди.

Украина бўйича энг йирик тинчлик саммити бошланди

15 июн куни Швейцариянинг Бюргеншток курорт шаҳрида Украина ташаббуси билан ташкил қилинган тинчлик саммити бошланди. Саммитда 90дан ортиқ давлат вакиллари қатнашмоқда. Уларнинг ҳаммасини ҳам Украина таклиф қилмаган. Йирик давлатлардан Хитой ва Бразилия саммитга келмади, Саудия Арабистони ҳам бошида келмоқчи эмасди, аммо вакилини юборди.

АҚШ делегациясини вице-президент Камала Харрис бошлаб келди. Айтиш керакки, Хитой саммитнинг энг эътиборли меҳмони бўлиши мумкин эди, чунки тинчлик формуласи кўп жиҳатдан унга боғлиқ.

Саммит мавзулари ядровий хавфсизлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, асирларни алмашиш ва олиб кетилган украиналик болаларни қайтаришдир. Владимир Зеленскийнинг айтишича, саммит қатнашчиларининг бўлинишига сабаб бўлиши мумкин бўлган «оғир» пунктлар кун тартибига қўшилмаган.

Швейцария президенти Виола Амерд тинчлик саммити қатнашчиларининг сонидан қониқиш ҳосил қилганини билдирди.

Арманистон АҚШ билан дўстлашмоқчи

Арманистон ва АҚШ муносабатлари янги поғонага кўтарилиб стратегик ҳамкорликка айланмоқда. Бу фикрни Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ҳамда АҚШнинг Европа ва Евроосиё ишлари бўйича давлат котибининг ёрдамчиси Жеймс О Браен Еревандаги учрашувда билдирди. Уларнинг айтишича, икки томонлама муносабатларда ривожланиш кузатиляпти.

Ғарб ҳам Арманистоннинг евроатлантик тузилмалар билан ҳамкорлигини олқишлайди. АҚШ Арманистоннинг суверенитети, мустақиллиги, демократияси ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди, деб ёзилмоқда АҚШ Давлат департаментининг сайтида.

Арманистон Ғарб томонга юзини бургани аниқ бўлди, аммо ТИВ бу ташқи сиёсатдаги бурилишни англатмаслиги, Арманистон демократик институтларни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакат хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлаш ҳаракатида эканлигини айтиб келади. Аммо Озарбайжондан мағлубиятга учраганлиги боис Арманистон Россиядан ҳафсаласи пир бўлиб, бошқа «катта оға» излаётгани сир эмас.

Бразилия Россия нефти учун миллий валютада тўлов қилиши мумкин

Сарлавҳадаги фикрни Бразилия Ташқи ишлар вазири Мауро Виейра билдирди.

«Бразилия ва Россия Федерацияси ўртасида миллий валютадаги тўловлар ҳали амалга оширилмаган, аммо бу имконият кўриб чиқиляпти. Биз Россиядан миллиардлаб долларлик товар импорт қиламиз, сиз эса бизнинг мамлакатимиздан катта миқдорда товар харид қиласиз. Бразилияга Россиядан импорт учун, Россияга эса бизнинг товарлар учун тўлашга имкон яратувчи ушбу механизм ҳали молия вазири билан муҳокама қилинади», деб айтган Бразилия Ташқи ишлар вазири.

Шундай қилиб Россия нефт ва гази, Бразилия эса гўшт, маккажўхори ва буғдойи учун янгича шаклда ҳисоб-китоб қилишни режалаштирмоқда. Бу билан қаттиқ валюта – долларни четга сиқишга ҳаракат қилмоқда.

Буюк Британия Украинага пул беришда давом этади

Британия бош вазири Риши Сунак Италияда бўлиб ўтган “Катта Еттилик” саммитида Украинага 310 млн доллар ёрдам пакетини эълон қилди. Бу 242 млн фунтни ташкил этади.

Бу ёрдам пакети гуманитар, энергетик ва барқарорлаштирувчи эҳтиёжларни таъминлашга қаратилгани айтиб ўтилган. Лондон Киевга кўрсатган гуманитар, иқтисодий ва ҳарбий ёрдамларининг умумий миқдори 16,25 млрд долларга етган.

Владимир Путиннинг «тинчлик бўйича таклифи» танқид қилинмоқда

Бу ҳафта Владимир Путиннинг Украина бўйича «тинчлик таклифи» омма диққат марказида бўлди. Таклиф геосиёсий манфаатлардан келиб чиқилгани яққол кўриниб турибди. Россия президентига кўра, Украина ўзига тегишли бўлган Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье областларининг нафақат Россия босиб олган қисмидан, балки тўлиқ маъмурий чегараларидан чиқиб кетиши керак. Путиннинг яна бир талабига кўра, Украина НАТОга киришдан тўлиқ воз кечиши ва бу ҳақда эълон қилиши керак. Владимир Путин бу гапларни 15 июн куни Швейцарияда бошланадиган Украина бўйича тинчлик конференциясидан олдин айтди. Путиннинг баёноти дунё бўйлаб акс-садо берди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг «Украина ўз ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетиши эмас, айнан Россия ўз қўшинларини босиб олинган Украина ҳудудларидан олиб чиқиб кетиши керак», деб муносабат билдирди. Украина президенти Владимир Зеленский эса бу шартларни «ултиматум» деб атади ва Россияга ишониш керак эмаслигини айтиб, вазиятни фашистлар Германияси билан қиёслади.

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин «Путин Украинага тинчликка эришиш учун нималар қилишни буюрадиган ҳолатда эмас», деб фикрини айтди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: