22:15 | 23.06.24

                       

Ҳафтанинг муҳим геосиёсий янгиликлари шарҳи

Саудия Арабистони «кичик ука» бўлишни истамайди, Фаластинни Арманистон тан олди, Россия кемалари Куба соҳилида, Қибрис Исроил-Фаластин урушига тортиладими?

Муҳим геосиёсий янгиликларни шарҳлашни бошлаймиз. Гоҳида дунёда бир тоифа янгилик шов-шув бўлади, масалан, бу ҳафтада ҳаж сафарида юзлаб зиёратчиларнинг иссиқдан вафот этиши кўп мунозаларга сабаб бўлди. Аммо бундай хабарлар геосиёсатга алоқадор бўлмаганлиги боис янгиликларимиз сафидан ўрин олмайди.

Евроиттифоқ Хитой электромобилларига божни оширди

Стандарт тариф 10 % автомобил ишлаб чиқарувчига қараб 17,4 % дан 38,1 % гача оширилди. Ўртача олганда эса 21 % ни ташкил қилади. Аммо айрим брендлар учун қўшимча чекловлар киритилди. Қўшимча божлар миқдорини Еврокомиссия текширув мобайнида белгилайди.

BYD автомобиллари учун бож 17,4 %, Geely учун 20 %, SAIC учун 38,1 % ни ташкил этмоқда.

Куба президенти Россия флоти кемалари Гаванага келиши аҳамиятини қайд қилди

«Озодлик ороли» президенти Мигел Диас Канел шанба куни Россия Федарацияси кемалари Гавана бандаргоҳига келгани икки мамлакат муносабатларида алоҳида аҳамият касб этишини айтди.

Россиянинг Кубадаги элчисининг айтишича, Куба президенти Гавана кўрфазидаги тўрт кемадан иккитасига чиқиб кўрган ва фахрий меҳмонлар китобида ёзув қолдирган.

Владимир Путин Шимолий Кореяга борди

Россия етакчиси Шимолий Корея давлатига борди. Корейс етакчиси Ким Чен Ин Путинни илиқ кутиб олди. Рейтерснинг ёзишича, Россия ва Шимолий Корея ўртасида қурол-яроғ етказиб бериш ҳақида гап бўлмаган.

Washington Post ёзишича эса Россия охирги ойларда Украинага қарши ишлатиш учун корейслардан ўнлаб баллистик ракеталар ва ўқ-дорили 11 мингдан зиёд контейнер олган.

Бу учрашув Россия ўз атрофига иттифоқчиларни йиғиши манзарасида бўлиб ўтаётганини қайд этиш жоиз. Айни вақтда қаттиқ санкциялар остида яшаётган Шимолий Корея Россия томонидан яхшигина иқтисодий ва сиёсий қўлловга эришди, дейиш мумкин.

Имзоланган келишувга кўра, «… томонлардан бири қандайдир давлат ёки бир неча давлатлар томонидан қуролли ҳужумга учраса ва шу тариқа уруш ҳолатига тушиб қолса, у ҳолда иккинчи томон… зудлик билан ўз ихтиёридаги барча воситалар орқали ҳарбий ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатади ».

Россия ва Шимолий Кореянинг апоқ-чапоқлигини рақибларигина эмас, айрим дўстлари ҳам синчиклаб кузатмоқда. Хитой раҳбари Си Цзиньпин бу «дўстлик»ни олқишлайди, аммо уларнинг ўта яқинлашиб кетишини ҳам истамайди.

Қибрис ороли Исроил-Фаластин урушига тортилиши мумкинми?

Яқинда Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ  агар Қибрис (Кипр) уруш вақтида Исроилга ўз аэропорти ёки ҳарбий базасини очиб берса, урушга тортилган бўлади, деб баёнот берганди. Қибрис президенти Никос Христодулидис Насруллоҳнинг таҳдидини «ҳақиқатни акс эттирмаслиги»ни айтиб, унинг мамлакати ҳарбий тўқнашувларда қатнашмаслигини билдирди. Президентнинг гапига кўра, улар муаммо эмас, унинг ечимини қидиришга уринади.

Қибрис гуманитар ёрдам кўрсатаётган томонда бўлиб, президентнинг айтишича, «бу позиция бутун дунёда, жумладан, араб мамлакатларида ҳам тан олинган». Никос Христодулидис яна таъкидлайдики, Ғазога очилган гуманитар йўлак Қибриснинг тинчлик ва барқарорликка содиқлиги далилидир.

Ар-Риёд Украинада тинчлик ўрнатилишида воситачи бўлиши мумкинми?

Саудия Арабистони Украина бўйича тинчлик саммитида фаоллик кўрсатмади. Айни вақтда Саудия Арабистони Украина бўйича ҳам, Яқин Шарқда ҳам воситачиликка ҳаракат қилмоқда. Ар-Риёднинг сиёсий йўналиши тобора миллий манфаатларига қаратилмоқда.

Форс кўрфази мамлакатлари бўйича эксперт Себастиан Зонснинг фикрича, Саудия холис тараф ролини олмоқчи ва урушаётган лагерларга қўшилишни истамаяпти. Шу билан бирга иккала томон билан ҳам алоқани сақлаб дипломатик вазн тўпламоқда.

Саудия Арабистони энди Ғарбнинг ёки Американинг хоҳишини ифодаловчи ижрочи «кичик ука» бўлгиси йўқ. Энди у мустақил ўйинчи сифатида уни ҳурмат қилишларини ва дунё сиёсатида воситачиликка қодир давлат сифатида кўринишни хоҳлайди.

Япония ва Жанубий Корея Россияга қарши янги санкцияларни муҳокама қилади

Япония ва Корея Республикаси молия ташкилотларининг юқори даражали мансабдорлари 25 июн куни Сеулда кенгаш ўтказади. Охирги вақтда қадрдонлашиб кетаётган Россия ва Шимолий Кореяга қарши санкциялар ҳам кўриладиган масалалар орасида бор. Kyodo ахборот агентлиги хабар қилишича, вазирлар Россия ва Шимолий Кореянинг молиявий манбалари пайини қирқиш чораларини муҳокама қилади. Бу РФ ва КХДР ўртасидаги стратегик ҳамкорлик шартномасига жавоб сифатида талқин қилинмоқда.

Фаластин суверенитетини Арманистон тан олди

Туркий мусулмон давлатлар билан тарихий келишмовчилиги бўлган Арманистон давлати бу ҳафта Фаластинни тан олиши кутилмаган воқеа бўлди.

Бенямин Нетаняҳу арманларнинг Фаластинни тан олиш қарорини «террорчилик учун мукофот» деб атади. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса Арманистон элчисини чақириб, эътироз билдирди. Туркия эса Арманистоннинг қарорини қўллади. Эътиборлиси – Арманистон бош вазири Никол Пашинян Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан суҳбатлашгач, Фаластинни мустақил давлат деб тан олиш тўғрисидаги қарорини эълон қилган.

Ҳозирга келиб Фаластин суверенитети БМТга аъзо 193 мамлакатнинг 147 таси томонидан тан олинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: