22:25 | 30.06.24

                       

Ҳафтанинг муҳим геосиёсий янгиликлари шарҳи

Осиёнинг шарққа бурилиши, Хитойнинг Тайванга яқинлашуви, Исроил-Ливан можароси, Байден ва Трамп – ким зўр?

Геосиёсий вазиятга баҳо беришда кундалик хабарларга асосланиш эмас, воқеликнинг тарихий сабаб ва оқибатларига кириб кўриш лозим. Хусусан, Ливан ва Исроил қарама қаршилиги қирқ йилдан узоқроққа бориб тақалади. Аслида бу зиддият ундан ҳам олдинги араб-Исроил урушининг қолиб кетган парчасидир.

АҚШда президентлик дебати бўлиб ўтди

Океан ортида президентлик дебатлари авжига чиқмоқда. Икки қариянинг баҳсини дунё кузатмоқда, бунда Трампнинг қўли баланд кўринади.

Атлантада Жо Байден ва Доналд Трампнинг сайловолди теледебати бўлиб ўтди. Улар дебатда бир-бирини ёлғончиликда айблади ва дам-бадам ҳужумлар қилди. Жо Байден Трампнинг ҳарбий хизматчиларга муносабатини тилга олиб, уни «омадсиз», деб атади. Трамп ҳам ундан қолишмасдан, Байденни тарихдаги энг ёмон президентга чиқарди.

Дебатнинг асосий тезислари: Трампнинг даъвосича, Украина Россия билан урушда ютқазмоқда. У агар ноябрдаги сайловда ютиб чиқса, конфликтни тартибга солишга ваъда берди. Бордию, Байден ютиб чиқса, АҚШдан ҳеч нарса қолмайди, деб ҳисоблайди Трамп. Унинг айтишича, Байден АҚШни учинчи жаҳон урушига тортади. Трамп Байденга ақлий қобилият тестидан ўтишни таклиф қилди.

Байден эса ўз навбатида Трампни омадсиз ва мағлуб, деб ҳисоблайди. Байденнинг айтишича, Трамп президентлигидан тартибсиз иқтисодиёт қолди. Шунингдек, агар Россия Украинада ғалаба қилса, Беларусга таҳдид қилади, деб ҳисоблайди амалдаги президент.

Байденнинг чиқишидан кейин у ҳақида сайловчиларнинг фикри ёмонлашди. Атиги 31 фоиз америкаликлар уни маъқуллайди, дебатдан олдин 37 фоиз эди. Аммо Трампнинг рейтинги 3 пунктга ошди, яъни 43 фоизни ташкил қиляпти.

Ҳали ҳануз дунёнинг энг қудратли давлати мақомини сақлаб турган АҚШдаги сайловлар дунё геосиёсатига таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

НАТО Арманистон ва Озарбайжонни йиғилишига таклиф қилди

Бу йиғилиш АҚШда бўлиб ўтади ва НАТО бўйича 30 та ҳамкор давлат вакиллари қатнашади. АҚШ Арманистон ва Озарбайжон ТИВ раҳбарлари ўртасида музокара ташкил этишга тайёр.

АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси Жеймс ОʻБрайен Франциянинг Арманистонга қурол сотиши Вашингтонда хавотир уйғотмаслигини билдирди. «Биз Франциянинг Арманистонга қурол-яроғ сотаётгани ҳақида билдик, шунинг учун бу келишилган ҳаракат эмас. Арманистон, айниқса, Россиянинг ёрдамига боғлиқ бўлмаган ҳамкор бўлишга интиляпти. Россия ёрдами маълум шароитларда ва таъсир билан юз беради, бу эса, назаримда, минтақа ривожига салбий таъсир кўрсатади», – деди у.

ОʻБрайен ўтган куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан учрашган. Байрамов Арманистоннинг ҳарбийлаштирилиши Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликка ёрдам бермаслигини айтган.

Тайван ХХР учувчи аппаратлари ва кемалари яқинлашаётганини хабар қилди

Тайван давлати қуролли кучлари бир суткада оролга Хитой армиясининг 23та учувчи аппарати ва 7 кемаси яқинлашганини қайд қилди. Улар Тайван бўғозининг ўрта чизиғини кесиб ўтган ва ҳаво ҳужумидан мудофаанинг сезиш зонасига кирган. Тайван армияси жавобан авиация, кема ва зенит ракета комплексларини шай ҳолга келтирган.

1949 йилдан бери Тайванни ўз маъмурияти бошқариб келади. Ўшанда Чан Кайши бошчилигидаги Гоминдан армияси Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учраб оролга қочиб кетган эди. Расмий Пекин эса Тайванни Хитой ҳудуди деб билади.

Хитойнинг ядровий арсенали ўта тез ўсмоқда

Стокголм халқаро тинчликни ўрганиш институти тадқиқотига кўра Хитой ядровий каллакларини 500тагача оширди. The Washington Post ёзишича, 2030 йилга бориб Хитойнинг қитъалараро баллистик ракеталари сони АҚШникига тенглашиши мумкин.

«Хитой ядровий арсеналини ҳар қандай бошқа давлатга нисбатан тезроқ оширмоқда», дейди институт катта илмий ходими Ханс Кристенсен. Институтнинг баҳолашича, Хитой биринчи марта тинчлик замонида оз сонли жанговар каллакларни ўрнаштирмоқчи.

Боливия АҚШ элчихонасини мамлакатнинг ички ишларига аралашишда айблади

Боливия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ элчихонаси вакилини чақиртириб, норозилик изҳор қилди.

Жанубий Америка давлати вазирлигининг билдиришича, уларнинг сиёсати тенглик, аралашмаслик ва суверенитетни ҳимоя қилишга асосланади. Шу сабабли, ташқи аралашувга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатга йўл қўйиб бўлмайди.

Июнь ўрталарида Боливия иқтисодиёт вазири Марсело Монтенегро мамлакатда ёнилғи таъминоти масаласидаги норозиликлар манзарасида АҚШ элчихонаси ва бошқа дипломатик ваколатхоналар юмшоқ давлат тўнтариши тайёрлаётганини билдирганди. Америка элчихонаси бунга «ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва асоссиз», деб жавоб қилган

Россия санкцияларга жавобан Ғарб телеканалларига чеклов қўяди

Евроиттифоқ Россия медиасига бир томонлама чекловлар қўйиши ортидан расмий Москва ҳам бир қатор Европа телеканал ва газеталарига чеклов ўрнатди. Бу ҳақда РФ ТИВ хабар тарқатди.

Чеклов рўйхатида 81 та ОАВ бор. Улар орасида немис журнали «Der Spiegel», испан газетаси «El Mundo», француз газетаси «Le Monde», умумевропа нашрлари Agence Europe ва Politico кабилар бор.

Россия ТИВ бу чоралар Евроиттифоқнинг Россия ОАВни чеклашига жавобан қўйилаётганини маълум қилган. Москва зиддиятни кучайтириш масъулияти Евроиттифоқ зиммасида эканлигини таъкидлайди.

Осиё Ғарбдан Шарққа бурилмоқда

Осиё мамлакатлари Ғарб билан боғлиқлигини камайтириб, иқтисодий манфаатларини Хитой ёки Россия билан боғламоқда, деб ёзди бу ҳафта Bloomberg нашри.

Бундай бурилишга мисол сифатида яқинда Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим БРИКСга кириш истагини билдиргани келтирилган. Бундай бирлашувлар Халқаро банк ва Халқаро валюта жамғармаси каби Ғарб бошчилигидаги институтларга муқобил бўлмоқда. Уларнинг кескин чоралари 90-йиллардаги Осиё молиявий инқирозида минтақадаги айрим давлатлар иқтисодига ёмон таъсир қилган.

Аввалроқ Bloomberg БРИКС «Катта еттилик»ка қарши бирлашувни кучайтириб, халқаро аренада АҚШ гегемониясига қарши туриши ҳақида ёзган эди.

Полша ва Болтиқбўйи мамлакатлари Россия ва Беларус чегараси бўйлаб мудофаа девори қуриши мумкин

Польша, Литва, Латвия ва Эстония Евроиттифоқдан Россия ва Беларус чегараси бўйлаб мудофаа девори қуришни сўрамоқда. Бу девор Москва томондан уюштирилиши мумкин бўлган таҳдидлардан тўсиб туради, деб ёзмоқда Reuters.

Девор қуришни истовчи мамлакатлар етакчиларининг айтишича, бу муҳим зарурат бўлиб, Евроиттифоқни ҳарбий ва гибрид таҳдидлардан ҳимоялаб туради. Гибрид таҳдид деганда дезинформация, киберҳужум, иқтисодий босим ва муҳожирларни иттифоқ чегарасига йўналтириш назарда тутилмоқда.

Бу таклиф Брюсселдаги Евроиттифоқ саммитида муҳокама қилинади.

Айрим европалик дипломатларнинг ҳисоблашича, 700 кмга чўзиладиган бу девор тахминан 2,5 млрд еврога тушади.

Исроил Ливанга ҳужум қилиши мумкин

Шундой ҳам нотинч Яқин Шарқ яна бир янги урушга саҳна бўладиган кўринади. Асли Фаластин-Исроил зиддиятига бориб тақаладиган бу можаро 1982 йилда Исроил буфер зона яратиш учун жанубий Ливанни оккупация қилишидан бошланган. Мамлакатлар ўртасида 81 км узунликдаги чегара бўлса-да, дипломатик муносабатлар йўқ. Ливанда 350 мингдан ортиқ фаластинлик қочоқлар яшайди. Исроил учун жуда катта таҳдид туғдирувчи Ҳизбуллоҳ ҳаракати Ливанда жойлашган бўлиб, ўқтин-ўқтин ҳужумлар уюштириб туради.

Ҳизбуллоҳ ўтган ҳафта Исроилнинг ҳарбий позицияларига зарбалар берди. Исроил армиясида қурбонлар ва йўқотишлар бор. Ҳизбуллоҳ буни Ғазода фуқаролар ўлдирилишига жавобан амалга оширганини билдирган. Исроил эса Ливанга бостириб киришга жуда яқин турибди.

АҚШ бу зиддият Исроил ва Ливан халқини урушга тортиб кетишидан хавотир билдирди.

Айтиш керакки, Исроилнинг Ливанга бостириб кириши Эроннинг иттифоқчиларини янада жунбушга келтириши, Теҳроннинг Россия билан ҳамкорлигини янада кучайтириши мумкин.

Россия президенти Путин эса Ямандаги ҳусийларга кемага қарши баллистик қанотли ракеталар бериш имкониятини ўрганиб чиқмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: